Маънавий-маърифий тадбир

Ажиниёз  номидаги Нукус давлат педагогика институти Элликқалъа педагогика факультетида Ўзбекистон Қаҳрамони, Ўзбекистон ва Қорақалпоғистон халқ шоири, Қорақалпоғистон Республикаси мадҳияси муаллифи Ибройим Юсупов ва Ўзбекистон Қаҳрамони, Ўзбекистон ва Қорақалпоғистон халқ ёзувчиси, М.Қошғарий ва М.Шолохов номидаги халқаро мукофотлар лауреати Тўлепберген Қаипбергенов таваллудининг 95 йиллигига бағишлаб маънавий-маърифий тадбир бўлиб ўтди.

Қорақалпоқ адабиётининг қўш бойтераги деб ном олган икки сиймо ҳам 1929 йилда (И.Юсупов 5 май, Т.Қаипбергенов 7 май куни) таваллуд топган. Давлатимиз раҳбари ташаббуси билан мамлакат пойтахтидаги Адиблар хиёбонида икки забардаст сўз санъаткорига ҳайкал қўйилди. Нукусда шоир номидаги ижод мактаби иш бошлади.

Тадбирда талаба ёшлар томонидан  ижро қилинган шоир шеърлари ва ёзувчи асарларидан саҳна кўринишлари барчада катта таассурот қолдирди.

Меҳнат ярмаркаси  

Амударё муҳандислик техникумида “Карьера куни” ҳамда Меҳнат ярмаркаси тадбирлари бўлиб ўтди. Унда тумандаги муассаса, корхона ҳамда ташкилотлар масъуллари, фаол тадбиркорлар, ишбилармонлар иштирок этди.

Меҳнат ярмаркасида тумандаги турли корхона ва ташкилотлар ўзларида мавжуд бўлган 339 та, бундан ташқари, салоҳиятли тадбиркорлар – “Расулов Ойбек таомлари” оилавий корхонаси 50 та, “JKB Energy Amudaryo group” МЧЖ 100 та, “Жумамурод уста” МЧЖ 10 та, “Равшанбек Юлдузхон” хусусий корхонаси 10 та бўш иш ўрни билан қатнашди.

Меҳнат ярмаркасида аҳолининг турли тоифа қатламлари, жумладан, ёшлар, аёллар, битирувчилар, ногиронлиги бўлган шахслар, жазони ижро этиш муассасасидан озод қилинган, ҳарбий хизматдан келган, меҳнат миграциясидан қайтган юртдошларимиз, шунингдек, алимент тўловчилар жами 145 нафар фуқаро иштирок этди. Уларнинг 21 нафари доимий ишга жойлаштирилган бўлса, 12 нафарига касбга ўқитиш, қайта ўқиш курсларига йўлланма берилди. 60 нафар фуқаро ҳақ тўланадиган жамоат ишларига жойлаштирилиб, меҳнат қонунчилигига оид масалалар бўйича 39 нафар фуқарога ҳуқуқий маслаҳат берилди.

Бундан ташқари туман ҳокими ёрдамчилари томонидан 13 нафар ишсиз хотин-қизга бандлигини таъминлаш мақсадида субсидия асосида тикув машиналари топширилди.

Париж – 2024 йўлланмаси эгаси муносиб кутиб олинди  

Тошкент шаҳрида бадиий гимнастика бўйича бўлиб ўтган Осиё чемпионати баҳсларида Ўзбекистон терма жамоаси таркибида қорақалпоғистонлик Шаҳзода Ибрагимова ҳам иштирок этиб, Париж – 2024 йўлланмасини қўлга киритишда ўзининг муносиб ҳиссасини қўшди.

Нукус халқаро аэропортида Осиё чемпиони Шаҳзода Ибрагимова тантанали равишда кутиб олинди. Унда Қорақалпоғистон Республикаси Жўқорғи Кенгеси, Спорт вазирлиги мутасаддилари, спорт усталари билан бир қаторда спортчининг яқинлари иштирок этиб, ғалабаси билан қутлади ҳамда Олимпиада ўйинларида юқори натижага эришиши учун омад тилади.

Таъкидлаш жоизки, гуруҳ машқида иштирок этган ватандошларимиз кўпкураш дастурида 69.95 балл тўплаб, олтин медаль билан бирга, Париж – 2024 олимпиадаси йўлланмасини ҳам қўлга киритди.

Довуд Абибуллаев,  

ЎзА мухбири.