Германия пойтахтида нашр этиладиган “Stimme der Hauptstadt” газетаси сайтида “Бойсун баҳори” фестивали ҳақида мақола эълон қилинди. Бу ҳақда Германиядаги элчихонамиз маълум қилган.

Муаллиф Фолькер Нэф ёзишича, жорий йил 2-7 май кунлари Ўзбекистоннинг Сурхондарё вилояти Бойсун туманидаги “Бибиширин” сайёҳлик мажмуасида ўтказилган “Бойсун баҳори” халқаро фольклор фестивали ҳақли равишда минтақадаги энг йирик маданий тадбирлар қаторидан ўрин олгани эътиборга лойиқ. Анжуман нафақат маҳаллий маданий анъаналарни қўллаб-қувватлаш ва ривожлантиришга хизмат қилмоқда, балки халқаро миқёсда маданиятлараро мулоқот учун қулай майдонга ҳам айланиб боряпти. Мазкур фестиваль, айниқса, ўзига хос маданий меросни асраб-авайлаш долзарб аҳамият касб этаётган бугунги глобаллашган дунё шароитида ўта муҳим аҳамият касб этмоқда.

– Фестивалнинг яна бир эътиборли жиҳати UNESCO томонидан эътироф этилишидир, – деб ёзади Фолькер Нэф. – Анжуман халқлар ўртасида тинчлик ва ўзаро ҳамжиҳатликни мустаҳкамлашга ҳам беқиёс ҳисса қўшяпти. “Бойсун баҳори” кўплаб мамлакатлар эътиборини тортди. UNESCO вакиллари ҳам тадбирнинг халқаро аҳамияти ошиб бораётгани ва тобора кенг кўлам касб этаётгани эътироф этилаётганини таъкидламоқда. Улар дастурда миллий маданий хилма-хилликка, санъат ва ҳунармандлик намуналарига, арқон тортиш, варрак учириш, тош кўтариш, кураш каби миллий спорт ўйинларига кенг ўрин берилгани, турли халқ ва миллатлар фольклор гуруҳлари, бадиий ҳаваскорлик жамоалари чиқишларида жаранглаган куй-қўшиқ, ўлан-лапарлар барчада унутилмас таассурот қолдирганини қайд этишмоқда. Мазкур халқаро санъат байрами нафақат маданий қадриятларни асраш, балки сайёҳларни жалб этиш ва инфратузилмани ривожлантириш орқали мамлакатни иқтисодий ривожлантиришга ҳам ҳисса қўшади.

Умуман, фестиваль турли мамлакатлар, халқлар ўртасида билим ва тажриба алмашиш платформасига айланиб улгурган. Ушбу халқаро тадбир маданиятнинг инсонлар, элларни бирлаштирувчи восита сифатидаги ролини, маданиятлар хилма-хиллигини чуқурроқ англаш ва ҳурмат қилишни рағбатлантиришга бўлган интилишнинг ёрқин мисолидир.

Н.Зиёдуллаева,

ЎзА