Пекин шаҳрида Ўзбекистон Ижтимоий ҳимоя миллий агентлиги ва Хитой Фуқаролик ишлари вазирлиги делегациялари ўртасида муҳим учрашув бўлиб ўтди. Учрашувда ижтимоий ҳимоя соҳасидаги ҳамкорликни ривожлантириш истиқболлари муҳокама қилинди.

Агентлик директори Мансурбек Оллоёров учрашув ташкил этилгани учун миннатдорлик билдириб, Хитой вазирлигининг ижтимоий ёрдам кўрсатиш борасидаги саъй-ҳаракатларини алоҳида таъкидлади. У ёлғиз кексалар учун мобил хизматларини ташкил этиш, маҳалла даражасида хизматларни ривожлантириш ва ижтимоий қўллаб-қувватлашни рақамлаштириш бўйича ҳамкорликни бошлашни таклиф қилди.

Агентлик директорининг биринчи ўринбосари Шаҳноза Мирзиёева мамлакатларимиз ўртасидаги муносабатлар ривожланиб бораётганини алоҳида таъкидлаб, болалар ва имконияти чекланган шахсларни ижтимоий ҳимоя қилиш соҳасида ўзаро тажриба алмашишдан манфаатдорлигини билдирди.

Учрашув якунлари бўйича Ўзбекистон ва Хитой ўртасида ижтимоий ҳимоя соҳасидаги ҳамкорликни ривожлантиришга қаратилган ўзаро англашув меморандуми имзоланди.

Шунингдек, Хитой томони 2025 йилда Самарқанд шаҳрида бўлиб ўтадиган “Ижтимоий ҳимоя: Барқарор ривожланиш ва тенглик сари йўл” мавзусидаги Бутунжаҳон конференциясида иштирок этишга таклиф этилди.

Бу ҳамкорлик ҳар икки мамлакат аҳолисининг ҳаёт сифатини яхшилаш учун янги имкониятлар очмоқда.

 

Ш.Маматуропова,

ЎзА