Дунё тоза энергия технологияларининг янги “индустриал даври”га кирмоқда.

Маълумотларга кўра, оммавий ишлаб чиқарилган тоза энергия технологияларининг йиллик глобал бозори 2030 йилга бориб 650 миллиард долларга етиши кутилмоқда. Бундай истиқболлар Халқаро энергетика агентлиги (IEA) ҳисоботида башорат қилинган. Бу кўрсаткичлар ҳозирги глобал тоза технологиялардан уч баробар кўпроқдир.

Бундан ташқари, жорий мажбуриятлар бажарилса, 2030 йилга бориб, тоза технологияларни ишлаб чиқаришда бандлик 6 миллиондан 14 миллион кишигача ошиши кутилмоқда.

Тахминларга кўра, трансформация тезлашгани сари бу соҳадаги иш ўринлари сони ортиб боради.

Туркиялик иқтисодчи, энергетика бўйича эксперт, Халқаро энергия агентлиги (IEA) ижрочи директори Фатиҳ Бирол сўнгги икки йилда янги глобал энергия иқтисодиёти пайдо бўла бошлаганини айтди.

Унинг сўзларига кўра, энергетика технологиялари бугунги иқтисодий стратегиянинг тамал тошига айланди.

“Ҳар бир давлат бу борадаги имкониятларини, шунингдек, юзага келаётган муаммоларни ҳал этиш йўлларини аниқлаши керак. Гап миллиард долларлик иқтисод ва миллионлаб иш имкониятларига эга бозор ҳақида бормоқда. Яхши хабар шундаки, дунё энергетика соҳасида тоза технологияларни ишлаб чиқариш бўйича жадал лойиҳаларни қўлга кирита бошлади. Агар жорий мажбуриятлар бажарилса, тоза технологияларга сармоя киритиш ноль эмиссия мақсадига эришиш учун қадамларнинг учдан икки қисмини яқинлаштиради.

Ҳозирги тенденция бизни глобал миқёсда белгиланган иқлим мақсадларига яқинлаштирмоқда”, – деди Бирол ҳисоботда. Ресурслар хилма-хиллигини тоза энергия технологияларини ривожлантириш орқали ошириш мумкин, дея қўшимча қилди эксперт.

Г.Сатторова, ЎзА