Халқаро дзюдо федерацияси (IJF) 2022 йилнинг энг яхши дзюдочиси бўлишга номзод спортчилар рўйхатини эълон қилди.
Аҳамиятлиси, Токио Олимпиадаси совриндори, жаҳон чемпиони Давлат Бобонов «Йилнинг энг яхши эркак дзюдочиси» номинациясининг номзодлари орасида эътироф этилган.
Номзодларни аниқлаш, овоз бериш жараёни 12-31 январь кунлари Халқаро дзюдо федерациясининг махсус платформаси орқали ташкил этилади.
Ғолиблар жорий йилнинг 5 февраль куни Парижда ўтадиган «Катта дубулға» турнирида расман эълон қилинади.
«Йилнинг энг яхши эркак дзюдочиси» бўлишда ҳамюртимиз Давлат Бобоновга 4 нафар дзюдочи рақиблик қилади. Булар, Тато Григалашвили (Грузия), Энди Гранда (Куба), Согбатар Сенд-Очир (Мўғулистон) ва Хифуми Абе (Япония).
Эслатиб ўтамиз, Бобонов 2022 йил давомида Париж «Катта дубулға» турнири ва Коняда ўтган «Ислом бирдамлиги» ўйинларида бронза, Улан-Баторда ташкил қилинган «Катта дубулға» турнирида кумуш ва Тошкентда зўр муваффақият билан ташкиллаштирилган жаҳон чемпионатида олтин медални қўлга киритганди.
Т. Рўзиев, ЎзА