Ҳамкорларимиз саҳифаларида
Туркияда 10 январь куни нишонланадиган Журналистлар куни муносабати билан “Анадолу” ахборот агентлигининг Анқарадаги қароргоҳида тадбир бўлиб ўтди. Тадбирда агентликнинг бош директори ва бошқаруви раиси Сердар Карагёз иштирок этиб, Туркия оммавий ахборот воситалари ходимларини Журналистика куни билан табриклади.
Карагёз дастур иштирокчиларига мурожаат қилар экан, “Анадолу” ўзининг 103 йиллик фаолияти давомида журналистиканинг оғир, аммо шарафли бурчини фидойилик билан бажарганини таъкидлади.
– Ўтмишимиз ютуқларга тўла, келажагимиз бундан-да улкан зафарлар билан белгилаб қўйилади, деди у.
Бош директор бугунги кунда турк матбуоти ўз тарихидаги энг муҳим ва бурилиш нуқталаридан бирида эканини қайд этди.
Сердар Карагёз журналистика – жамиятга хизмат қилиш муҳимлигини англаб етган, ҳар қандай қийинчиликка қарамай ўз бурчини адо этишдан бош тортмайдиган инсонлар даъвати эканини таъкидлади. “Журналистика нафақат касб, балки ҳаёт тарзидир” деб қўшимча қилди у.
Байрам дастури доирасида ахборот агентлиги ходимларидан ташкил топган “Анадолу” мусиқа гуруҳининг чиқишлари бўлиб ўтди.
Муҳаррама Пирматова, ЎзА