Покистон ўтган йили юз берган кучли ёмғирлар ҳамда сув тошқинларидан катта талофат кўрди.
Мамлакатни қайта тиклаш учун 16 миллиард доллар зарур бўлмоқда. БМТ Бош котиби Антониу Гутерриш Покистонда иқлим ўзгаришига қарши тайёргарлик масалалари бўйича халқаро конференциянинг очилишида сўзга чиқиб, шу ҳақда маълум қилди.
Конференция душанба куни Женевада очилди. Унда Покистон ва бошқа ўнлаб мамлакатлар ҳукуматлари аъзолари иштирок этган, шунингдек, конференция ишида хусусий сектор ва фуқаролик жамиятлари вакиллари ҳам қатнашгани маълум қилинди.
Айни босқичда иштирокчи мамлакатлар Покистонга 9 миллиард доллар миқдорида ёрдам кўрсатишга тайёр эканини билдирган, деб ёзмоқда Reuters.
«Ўтган йили июнь ойида мамлакатда юз берган даҳшатли иқлим фалокати 1 минг 700 кишининг ҳаётига зомин бўлди. 33 миллион киши турли даражада жабр кўрди. 8 миллион киши ўз уйларини тарк этишга мажбур бўлган, 9 миллион киши тошқинлар оқибатида қашшоқликка юз тутди», — дея иштирокчиларга маълумот берди Антониу Гутерриш.
Хабарда таъкидланишича, Жанубий Осиё минтақаси дунёда кечаётган иқлим инқирози харитасида вазият энг кескин бўлиб турган нуқталардан ҳисобланади. Мазкур ҳудудда табиий фалокатлар натижасида одамларнинг қурбон бўлиши эҳтимоли ҳам сайёрамиздаги ўртача кўрсаткичдан 15 баробарга юқори экани айтилмоқда.