Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёевнинг 2018 йил 16 март куни “Футболни янада ривожлантириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги қарори қабул қилинди.
Мазкур қарорнинг аҳамияти, унда белгиланган вазифалар ва келгусида амалга ошириладиган ишлар юзасидан ЎзА мухбири Профессионал футбол лигаси бош директори Омон ҒОФУРОВ билан суҳбатлашди.
– Президентимизнинг “Футболни янада ривожлантириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги қарорида мамлакатимизда футболни ривожлантириш йўлида муҳим бўлган вазифалар белгиланган, мазкур ҳужжат футболимизда учраётган барча муаммоларнинг ечимини ўзида акс эттирган. Ушбу қарордан сўнг барчамиз узоқ йиллар кутган терма жамоалармиз ўз базасига эга бўлди. Мураббий ва футболчиларимизнинг малакасини ошириш учун Европа футбол ташкилотлари сингари кўп ойлик семинарларни ўтказиш имкониятига эга бўлдик.
Аввалари терма жамоаларимизнинг ўқув-машғулот йиғинлари, мусобақалар, ўртоқлик учрашувларини ташкил этиш учун футбол клубларининг майдонлари ижарага олинар эди. Қарор асосида “Бунёдкор” стадиони база қилиб берилгани терма жамоаларимизга катта қулайлик яратди. Айни дамда бу ердаги спорт иншоотларини ассоциация тассаруфига ўтказиш ишлари олиб борилмоқда. Шунингдек, “Бунёдкор” академияси Ўзбекистон футбол ассоциацияси ҳузурида Республика болалар ва ўсмирлар футбол академиясига айлантирилмоқда. Бу келажакда ўзининг самарасини бериши шубҳасиз.
Яқинда Ўзбекистон Миллий олимпия қўмитаси раиси ва мамлакатимиз футбол ассоциация раисининг биринчи ўринбосари Умид Аҳмаджонов Олимпия захиралари коллеж ва интернатларидан футбол бўлимларини олиб ташлаш тўғрисида ўз фикрларини айтиб ўтдилар. Куни кеча эълон қилинган қарорда ихтисослаштирилган олимпия захиралари мактаб-интернатларидаги футбол бўлимларини қисқартириш ҳақида тўхталиб ўтилди. У ерда футбол билан шуғулланган болалар сараланиб, улар ичида футболга қизиққан ва иқтидорли бўлган ёшлар футбол академияларига жойлаштирилади. Бироқ сараланмаган ёш спортчилар ўзларининг иқтидоридан келиб чиқиб, бошқа спорт турларига йўналтирилади.
Ҳозирда Ўзбекистон Республикаси Жисмоний тарбия ва спорт вазирлиги тизимидан жами 27 футбол бўйича давлат ихтисослаштирилган мактаб-интернатлари фаолиятини танқидий тарзда ўрганилиш ишлари бошланди. Бир ой муддатда ўрганилгандан сўнг, уларнинг 14 таси ҳудудий болалар ва ўсмирлар футбол академияларига айлантирилади. Шу тариқа мамлакатимизда ягона Ўзбекистон футбол ассоциацияси ҳузурида Республика болалар ва ўсмирлар футбол академияси ҳамда 14 та ҳудудий болалар ва ўсмирлар футбол академиялари шаклланади. У ерда болалар ўз иқтидорига қараб дарвозабон, ҳимоячи ва хужумчи сифатида бўлинади ва тарбияланади. Академияга 5 ёшдан катталар қабул қилинади.
Юртимизнинг барча маҳаллаларда янги футбол майдонлари қурилади, мавжудлари қайта тамирланиб, ободонлаштирилади. Фуқароларнинг ўзини ўзи бошқариш органлари раисларининг ўринбосарлари футболга маъсул этиб тайинланади ва улар футбол мусобақларини ташкил этиб, маҳаллада вояга етмаганлар ўртасида футболни янада оммалаштиради. Мусобақаларга ҳудуддаги футбол академияларининг мурабийлари таклиф қилинади ва улар иқтидорли болаларни саралайди ва академияга олиб келади.
Қарорда футболимизниг 105 йиллиги муносабати билан Қўқонда барча жаҳон талабларига жавоб берадиган стадион барпо этилиши режалаштирилган. Замонавий стадионнинг қурилиш ишлари режага мувофиқ кейинги йилининг декабрь ойида якунланади.
Олдин футбол жамоалари ёз ойларида ўқув-машғулот йиғинларини ҳорижда ўтказар эди. Қарорда Тошкент вилояти Бўстонлиқ туманидаги “Сижжак” дам олиш маскани негизида Ўзбекистон футбол ассоциацияси ҳузурида футбол бўйича миллий терма жамоалар учун ўқув-машғулот базасини ташкил этиш белгилаб қўйилгани барчамизни ҳурсанд қилди.
Ҳозирги вақтда Европа мамлакатларида футбол жадал ривожланган бўлиб, у ердаги мутахассислар кўплаб давлатларда мазкур спорт турини оммалаштирмоқда. Биз ҳам ҳориждан мутахасислар олиб келмоқдамиз. Айни вақтда Ўзбекистон футбол ассоциацияси томонидан минтақвий ривожлантириш ишлари амалга оширилмоқда. Ҳозирда водий минтақасида Наманган, Андижон ва Фарғона вилоятларидаги футбол билан шуғулланаётган ёшларни тажрибали футболчи сифатида камол топиши учун сербиялик мутахассис фаолият олиб бормоқда. Яқин кунларда қолган минтақаларга Германия, Испания, Бельгия ва Франциядан тажрибали мутахассислар келиши кутилмоқда.