Хабар берганимиздек, Италиянинг Удине шаҳрида қиличбозлик бўйича ёшлар ўртасида ўтказилган Жаҳон кубогида 58 та давлатнинг 800 нафардан ортиқ спортчилари орасида мамлакатимиз вакиллари ҳам баҳс олиб борди.
Халқаро мусобақада биринчи марта қатнашган спортчиларимиздан Мейирхон Тимуров ва Мирзоулуғбек Мўминов яккалик шпага беллашувларида 252 нафар иштирокчи орасида 27 ва 43-қаторлардан жой олиши, шунингдек, ўз йўналишларида 200 нафар атрофидаги қатнашчилар ичида Дилноза Муртозаева, Мафтуна Давронова, Муҳаммадюсуф Асранов, Радмир Семеенов каби ёш қиличбозларимиз кучли ўттизталикка кўтарилиши юртимизда ушбу йўналишда маҳоратли спортчилар камол топаётганлигини кўрсатмоқда.
Жаҳон кубогида шпагачи қизларимиз чорак финалгача етиб бориб, 30 дан ошиқ жамоа орасида 8-ўринни банд этди. Ҳамюртларимиз 1/8 финалда Австрияни 45:39 ҳисобида доғда қолдирди. Аммо, ярим финал остонасида Испания терма жамоасига тенг курашлар остидаги мураккаб баҳсда 41:45 ҳисобида имкониятни бой берди.
Шпагачи йигитларимиз ҳам 28 та жамоа орасида 1/8 финалгача бўлган баҳсларни муваффақиятли ўтказганлигини алоҳида таъкидламоқ лозим.
Т. Рўзиев. ЎзА