2022 йил дунё ҳамжамияти учун кўп соҳаларда ҳақиқий синов йили бўлди, десак муболаға бўлмайди.
Экология билан боғлиқ муаммолар, Украина можароси, коронавирус пандемияси оқибатлари, иқтисодий буҳронлар қатор мамлакатларда одамлар ҳаётини қийин аҳволга солиб қўйди. Натижада ҳукуматлар муаммони бартараф қилиш мақсадида мамлакатнинг олтин-валюта захираларини кўпроқ сарфлай бошлади. Яқинда РИА Новости дунё мамлакатларининг марказий банклари маълумотларига асосланиб, 2022 йилда халқаро захираларини энг кўп йўқотган мамлакатлар рўйхатини тузиб чиқди. Унда Швейцария халқаро захираларини энг кўп йўқотган мамлакатлар рўйхатини бошқараётгани таъкидланган. Хусусан, Швейцария ўтган йил январь-октябрь ойларида пул кўринишида 226,6 миллиард доллар йўқотиб, дунёнинг триллионерлари рўйхатидан чиқиб кетгани айтилади. Юқорида кўрсатилган даврда дунёнинг бирорта давлати ўз захираларини 10 миллиард доллардан ортиқ кўпайтира олмаган.
Агентликнинг ҳисоб китобича, захиралари энг кўп қисқарган мамлакатлар рўйхатида Хитой иккинчи ўринда бормоқда. Хитой ўтган йилнинг тўққиз ойи давомида 211,5 миллиард доллар йўқотган. Учинчи ўринда захиралари 211,2 миллиард долларга камайган Япония бормоқда. Сингапур марказий банкининг халқаро активлари 135,6 миллиард, Ҳиндистонники эса 102,5 миллиард долларга қисқарган. Россия ўтган йили 83,4 миллиард доллар йўқотган ва антирейтингда олтинчи ўринни эгаллаган. Ундан кейинги ўринларда “хавфсизлик ёстиғи” 79,7 миллиард долларга юпқалашган Гонконг ва Жанубий Корея (-49,1 миллиард доллар),Таиланд (-44,1 миллиард доллар) ва Буюк Британия (-42,9 миллиард доллар) бормоқда . Шунингдек, 2022 йилнинг 10 ойида халқаро захираларини Чехия (-41,7 миллиард доллар ёки захирасининг чорак қисмини), Бразилия (-36,7 миллиард доллар), Исроил (-24,4 миллиард доллар), Германия (-23,9 миллиард доллар), Италия (-20,8 миллиард доллар), Франция (-19,2 миллиард доллар) ва АҚШ (-18,7 миллиард доллар) ҳам йўқотган.
Шу билан бирга, ўтган йилнинг ўн ойида захиралари фоиз кўринишида энг кўп тушиб кетган мамлакатлар рўйхатининг бошида Шри-Ланка (-46 фоиз) ва Покистон (-43 фоиз) бормоқда. Бу даврда шунингдек, Янги Зеландиянинг активлари қиймати 38 фоизга, Мўғулистонники 36 фоизга, Сингапурники 32 фоизга ва Панаманики 31 фоизга тушган. Қолаверса, бундан буён Чили 26 фоизлик, Чехия, Греция ва Маврикия 24 фоизлик йўқотишнинг ўрнини қандай тўлдириш ҳақида бош қотиришга тўғри келади. Антирейтинг етакчиси Швейцария фоиз кўринишида халқаро захираларининг 20 фоизидан айрилган. Бу борада Хитой 6 фоиз, Япония 15 фоизлик кўрсаткични қайд этмоқда. Россиянинг олтин-валюта захираси ўтган ўн ойда 13 фоизга камайди, дейилади мақолада.
Албатта, халқаро захиралари қисқариши муаммосини дунёнинг ҳамма давлатлари ҳам бошдан кечиргани йўқ. Молиявий нуқтаи-назардан олиб қараганда йилни ижобий якунлаган мамлакатлар ҳам талайгина. Масалан, молия экспертлари 2022 йилда 15 та мамлакат халқаро захираларини кўпайтириб олишга муваффақ бўлганини айтишмоқда. Бу борада энг яхши кўрсаткич Саудия Арабистони (7,8 миллиард доллар), Туркия (2,3 миллиард доллар), Қатар (1,9 миллиард доллар) ва Жанубий Африка Республикасида (1,1 миллиард доллар) қайд этилди, дейди таҳлилчилар.
Таъкидлаш жоизки, мазкур таҳлил дунёнинг юзта мамлакати марказий банклари маълумотлари асосида олиб борилган. Ушбу давлатлар ўтган ўн ой учун маълумотларни 2022 йил декабрда эълон қилган.
С.Раҳимов, ЎзА