Вазирлар Маҳкамаси “Қишки спорт турлари бўйича республика ихтисослаштирилган спорт мактаби фаолиятини ташкил этиш чора-тадбирлари тўғрисида” қарор қабул қилди.
Унга кўра, Тошкент шаҳрида Қишки спорт турлари бўйича Республика ихтисослаштирилган спорт мактаби иш бошлайди.
Мазкур мактаб зарур спорт анжоми ва ускуналари билан жиҳозланади, халқаро талаб ва стандартларга тўлиқ жавоб беради.
Мактаб келажакда турли даражадаги халқаро ва минтақавий мусобақалар – қишки Олимпия ва Паралимпия ўйинлари, жаҳон ва Осиё чемпионатлари ҳамда бошқа халқаро мусобақаларда Ўзбекистон шарафини муносиб ҳимоя қилишга қодир бўлган юқори даражадаги спортчиларни тайёрлайди.
Мактабга юқори малакали мутахассис-мураббийлар, руҳшунос ва услубчилар, шу жумладан, хорижий мамлакатлардан етакчи мутахассислар жалб этилади.
Қишки спорт турлари бўйича ёш истиқболли спортчиларни танлаш ва тарбиялаш масалалари бўйича ихтисослаштирилган спорт мактаблари, Олимпия ва Паралимпия спорт турларига тайёрлаш марказлари, клублар, спортнинг қишки ва мураккаб техник турлари бўйича Республика Олий спорт маҳорати мактаби ва бошқа спорт-таълим муассасалари ҳамда хорижий мамлакатларнинг қишки спорт турлари бўйича мактаб, клуб ва марказлари билан тизимли ҳамкорлик кенг йўлга қўйилади.
Спорт мактаби 2024/2025 ўқув йилидан ўз фаолиятини бошлайди.
ЎзА