Бугун, 6 январь куни Италиянинг Удине шаҳрида қиличбозлик бўйича ёшлар ўртасида бошланган жаҳон кубоги баҳсларида дунёнинг 58 та давлати вакиллари қаторида Ўзбекистон спортчилари ҳам ғолиблик учун курашга киришди.

Йилнинг илк нуфузли мусобақаси бўлган мазкур баҳсларда 800 нафардан зиёд ёш қиличбозлар рапира ва сабля йўналишларидаги яккалик, жамоавий беллашувларда қатнашмоқда.

Жаҳон кубогининг ҳар жиҳатдан муваффақиятли ўтиши учун ҳозирланган 32 та қиличбозлик йўлакларида қизиқарли мусобақалар давом этмоқда.

Мусобақа низомига биноан бугун кун давомида ўғил ва қиз болалар ўртасида рапира бўйича яккалик баҳслар ўтказилса, эртага 7 январь куни жамоалар ўртасидаги чемпионат мусобақалари бўлиб ўтади.

Жаҳон чемпионатлари ва Олимпия ўйинларининг ғолиб ва совриндорлари, дунё рейтингининг Америка, Европа, Осиё ва Африка қитъаларидан келган етакчи қиличбозлар иштирокидаги биринчиликда Ўзбекистон ёшлар терма жамоасининг 17 нафар аъзоси ҳам совринли ўринларга даъвогарлик қилмоқда.

Чемпионат 8 январга қадар давом этади.


Т. Рўзиев, ЎзА