Бугун, 5 январь куни Қатар пойтахти Дохада ўтказилган Осиё оғир атлетика федерацияси (AWF)нинг навбатдаги ҳисобот-сайлов йиғилишида ҳамюртимиз, Ўзбекистон ёшлар сиёсати ва спорт вазири ўринбосари, мамлакат Оғир атлетика федерацияси раисининг биринчи ўринбосари Шаҳрулло Маҳмудов кейинги тўрт йиллик муддатга AWF вице-президентлигига сайланди.
Йиғилиш давомида Осиё оғир атлетика федерацияси (AWF)нинг амалдаги раҳбари Юсуф ал Мана AWF президентлиги лавозимини сақлаб қолди.
Саудия Арабистонидан Муҳаммад Алхарби бош котиблик вазифасига сайланган бўлса, хитойлик Мэн Бо, Жанубий кореялик Сунг Йонг Чой ва ўзбекистонлик Шаҳрулло Маҳмудов ташкилотнинг вице-президентлари этиб сайланди.
Эътиборлиси, ҳамюртимиз овоз бериш жараёнида энг кўп овоз тўплашга эришди. AWFнинг ҳисобот-сайлов жараёнида бевосита иштирок этган делегатларнинг 42 нафари ўзбекистонлик спорт мутахассисини ёқлаб чиқди.
Шу тарзда Осиё оғир атлетика федерациясининг 11 нафардан иборат янги сайланган ижроия қўмитаси таркиби тасдиқланди. Улар жорий йил Хитойда ўтадиган ёзги Осиё ўйинлари, “Париж-2024” Олимпиадаси ҳамда тўрт йиллик муддат давомидаги қитъа ва жаҳон чемпионатларида AWFнинг раҳбарлари сифатида оғир атлетика мусобақаларига раҳбарлик қилади.
Т.Рўзиев, ЎзА