Бугун, 5 январь эрта тонгда Тимур Кападзе бош мураббийлигидаги футбол бўйича Ўзбекистон олимпия терма жамоаси йилнинг дастлабки йиғинида иштирок этиш учун Бирлашган Араб Амирликларига йўл олди.

Кеча мазкур ўқув-машғулот йиғинига жалб қилинган футболчилар Миллий олимпия қўмитаси қошидаги Республика спорт тиббиёти марказида тиббий кўрикдан ўтказилди.

Жамоа аъзоларининг таҳлиллари кўриб чиқилгач, футболчилар тор доирадаги шифокорлар қабулида бўлди. Кўрик давомида спортчиларнинг шикоятлари юзасидан зарур тавсиялар берилди.

БАА йиғинига 25 нафар футболчи жалб қилинган бўлиб, уларнинг 18 нафари “Олимпик” футбол клуби вакиллари ҳисобланади, дейилади Ўзбекистон футбол ассоциацияси матбуот хизмати хабарида.

Эслатиб ўтамиз, сафар давомида «Париж-2024» Олимпиадаси саралаш баҳсларида қатнашишга ҳозирлик кўраётган ёшлар жамоамиз 9 ва 12 январь кунлари Бирлашган Араб Амирликлари ёшлар терма жамоасига қарши ўртоқлик учрашувини ўтказади.

Мазкур ўқув-йиғин 19 январга қадар давом этади.

 

Т.Рўзиев,  

ЎзА