Ўзбекистон Ёзувчилар уюшмасида Ўзбекистон Қаҳрамони, Ўзбекистон халқ шоири Эркин Воҳидов таваллудининг 86 йиллигига бағишланган хотира кечаси ҳамда “Инсон ўзинг” номли мақолалар, хотиралар, изҳорлар ва Туркий адабиёт дурдоналари лойиҳасида чоп этилган “Сайланма” китоби тақдимоти бўлиб ўтди.

Адабиётшунослар фикрича, Эркин Воҳидов шеъриятида 20-асрнинг 2-ярмининг маънавий муҳити чуқур ва теран бадиий таҳлил этилади. Унинг шеъри ҳаёт гўзаллиги маърифатини кашф қилиб боради. Зиддиятли, мураккаб дунёда инсоннинг ўрни ва яшамоқнинг асл маъно-мазмунини аниқлайди. Эркин Воҳидов шеъриятида инсон шуниси билан қимматлики, у ҳаётнинг аччиқ ҳақиқатларидан, қарама-қаршиликларидан, ҳаётий  мураккаб жараёнлардан асло кўз юммайди, юз ўгирмайди, балки шу тинимсиз жараён  ичида ҳаёт оқимига, атроф-муҳитга, ўзини қуршаган борлиққа дадил, матонат билан фаол таъсир кўрсатишга интилади.

Шоирнинг шеъриятида даврнинг безовта, изловчан руҳи ўзига хос, такрорланмас образларда акс этади. Изтиробли ўйлар, ўткир публицистик руҳ, кескин кинояли оҳанг билан тўлиқ етук асарларида ўз даврининг адолатсиз тузумидан норозилик, ижтимоий турғунлик, эгасизлик, қулчилик, машъум якка ҳукмронлик ва маккорона кўринишдаги истибдод найрангларига қарши исёнкор ва туғёнли сўзини айтади. Миллатнинг уйғониши, ўзини таниши, маърифатли оламда бошқа илғор халқлар қаторидан ўз тарихий ўрнини топиши учун қайғуради. Озодлик, зиёлилик ва ҳақиқат Эркин Воҳидов ижодининг етакчи ғояларидир. Бу жиҳатдан шоир  Беҳбудий, Чўлпон, Авлоний, Қодирий сингари маърифатпарварларнинг 60-йиллардаги ижодий давомчиси сифатида майдонга чиқди.

Эркин Воҳидовнинг «Орзу чашмаси», «Нидо» (1964), «Қуёш маскани» (1970), «Бахмал» (1974), «Руҳлар исёни» (1978— 79), «Тошкент садоси» (1983) каби асарлари ўзбек достончилигининг етук намуналаридандир. «Руҳлар исёни»да оташин бенгал шоири Назрул Ислом сиймоси орқали ватан озодлиги ва миллий истиқлол ғоялари тараннум этилган. «Ўзбегим» қасидаси (1968) коммунистик мустабид тузум даврида миллий уйғонишимизга баракали таъсир кўрсатди.

Эркин Воҳидов драматург, таржимон  сифатида ҳам моҳир ижодкор эди. Айни пайтда устоз шоирнинг асарлари немис, француз, рус, инглиз, урду, ҳинд, араб ва қардош туркий халқлар тилларида нашр этилган.

Тадбирда устоз  Эркин Воҳидовнинг ҳаёти, фаолияти,  ижодининг ўзига хослиги ҳақида батафсил сўз юритилди.

“Инсон ўзинг” номли мақолалар, хотиралар, изҳорлар ва Туркий адабиёт дурдоналари лойиҳасида чоп этилган “Сайланма” китоби тақдимоти бўлиб ўтди.

ЎзА