Бу ҳақда Президентимиз Мурожаатномада қайд этди.

—Шу йилнинг ўзида 100 минг гектар экин ерини аҳолига деҳқончилик қилиш учун бўлиб бердик. Бунинг ҳисобидан, 1,5 миллион тонна қўшимча озиқ-овқат етиштирилди.

Энг асосийси, қишлоқларда 400 мингта янги деҳқон хўжалиги ташкил қилинди, 1 миллион 200 мингдан зиёд одамларимиз банд бўлиб, даромад олаяпти.

Агар шу ислоҳотни қилмаганимизда, бозор ва дўконларимиз ҳозиргидек тўкин бўлармиди? Экспорт шу даражага етармиди? Жон бошига даромад ўсармиди?

Шу боис, 2023 йилда ҳам сув таъминоти яхши 100 минг гектар қўшимча экин майдонларини аҳолига ажратамиз. Бунинг ҳисобига, қарийб 350 мингта янги деҳқон хўжаликлари ташкил этилади.

Агар, жами 750 мингта янги деҳқон хўжалигини тадбиркорга, ер эгасига айлантира олсак, қишлоқда жуда кўп ижтимоий муаммолар, аввало, ишсизлик ва камбағаллик масаласи ечилади. Мен бунга ишонаман, — деди Шавкат Мирзиёев.

ЎзА