Туркия Президенти Режеп Таййип Эрдоған Анқарага расмий ташриф билан келган Россия Давлат Думаси раиси Вячеслав Володинни қабул қилди. Бу ҳақда давлат раҳбарининг матбуот хизмати хабар берди.
Россия парламенти делегацияси, шунингдек, Туркия Буюк Миллат Мажлиси спикери Мустафо Шентоп билан ҳам музокара ўтказган. Учрашув якунига кўра, томонлар парламентлараро ҳамкорликни мустаҳкамлашга келишиб олганликлари айтилади.
Ҳар икки томон Москва ва Анқара ўртасидаги муносабат юқори даражада экани, бунда давлат раҳбарлари Владимир Путин ва Эрдоғаннинг шахсий алоқаси муҳим ўрин тутишини таъкидлади.
“Ўртамизда ишонч муҳити вужудга келишида президентларимизнинг дўстлиги муҳим аҳамиятга эга. Ўйлайманки, улар бизга белгилаб берган масъулият, мавжуд юксак даражадаги муносабат парламентлараро алоқани ривожлантириш ишида ҳам давом этади”, деди Шентоп.
ЎзА