Туркия Президенти Режеп Таййип Эрдоған Бирлашган Миллатлар Ташкилоти Бош котиби Антониу Гутерриш билан телефон орқали мулоқотда дон шартномасини узайтириш масаласини ҳал қилиш зарурлигини айтди. Бу ҳақда Туркия етакчиси маъмуриятининг матбуот хизмати хабар берди.
“Президент Эрдоған энди ғалла экспорти бўйича Истанбул келишувини узайтириш масаласига қайтадан эътибор қаратиш зарурлигини қайд этди. БМТ Бош котиби Туркия етакчисига дон йўлагини тиклаш борасидаги саъй-ҳаракатлари учун миннатдорлик билдирди”, дейилади хабарда.
Эрдоған суҳбатда “Россия ва Украина билан юқори даражада олиб борилган дипломатик алоқалар натижасида ғалла йўлаги қайта фаоллашганидан мамнунлигини таъкидлади”.
Гутерриш билан суҳбатда дон келишуви билан бир қаторда Украина атрофидаги низо ҳам муҳокама қилинди.