Ўзбекистон ва Эрон ўртасидаги савдо-иқтисодий, инвестициявий ҳамда маданий-гуманитар соҳалардаги ҳамкорлик алоқалари кенгайиб бормоқда. 2021 йилда Ўзбекистон ва Эрон ўртасидаги ўзаро савдо 430,8 миллион долларни ташкил қилган. Жумладан, экспорт 176,6 миллион долларни, импорт 254,2 миллион долларни ташкил этган.

Жорий йилнинг январь-июль ойларида эса икки давлат ўртасидаги савдо айланмаси 272,1 миллион долларни ташкил этмоқда. Бунда экспорт 100,1 миллион доллар, импорт эса 172 миллион долларга тенг бўлди. Мамлакатимизда ҳозирги кунга қадар Эрон сармояси иштирокида 355 та қўшма корхона ташкил этилган бўлиб, бу кўрсаткич охирги беш йилда 3 баробар ошди.

Икки мамлакат ўртасидаги маданий-гуманитар соҳалардаги ҳамкорликни мустаҳкамлаш бўйича 1999 йилнинг сентябрь ойида “Ўзбекистон-Эрон” дўстлик жамияти ташкил этилган. Ислом меросини ўрганиш доирасида Эроннинг илмий муассасалари ва Тошкентдаги Ислом цивилизацияси маркази ўртасида ҳамкорлик ўрнатилган.

Шунингдек, кейинги йилларда Ўзбекистон ва Эрон ўртасидаги сиёсий ва парламентлараро ҳамкорлик алоқалари кенгайиб бормоқда. 2021 йилнинг 5 август куни Олий Мажлис Қонунчилик палатасининг Спикери Н.Исмоилов бошчилигидаги делегация Эрон Ислом Республикасининг янги сайланган Президенти И.Раисийнинг инаугурация маросимида иштирок этди. Шу билан бирга, 2022 йилнинг 12-14 июль кунлари Эрон Исломий Кенгаш Мажлиси раиси М.Қолибоф мамлакатимизга ташрифи доирасида Ўзбекистон Президенти Ш.Мирзиёев томонидан қабул қилинди ҳамда меҳмон Олий Мажлис Қонунчилик палатасининг Спикери Н.Исмоилов билан музокара ўтказди.

Булар ҳақида куни кеча Олий Мажлис Қонунчилик палатасининг Халқаро ишлар ва парламетлараро алоқалар қўмитаси томонидан ўтказилган “Ўзбекистон Республикаси ва Эрон Ислом Республикаси ўртасидаги савдо-иқтисодий ва маданий-гуманитар соҳалардаги ҳамкорликнинг ҳозирги ҳолати ва истиқболлари” мавзусидаги қўмита эшитувида қайд этиб ўтилди.

Унда Ташқи ишлар, Инвестициялар ва ташқи савдо, Туризм ва маданий мерос ҳамда Маданият вазирликларининг ахборотлари эшитилди. Эшитувда Ўзбекистон ва Эрон ўртасидаги савдо-иқтисодий ва маданий-гуманитар соҳалардаги ҳамкорликнинг ҳозирги ҳолати, истиқболдаги режалар муҳокама қилинди ва саволларга жавоб олинди.

М.Комилова, ЎзА