Аҳоли саломатлиги муҳофаза қилинишида атроф-муҳит мусаффолигини сақлаш, хусусан чиқиндиларни қайта ишлаш тизимини тартибга солиш муҳим ўрин тутади.

Ўзбекистон Республикасини барқарор ривожлантириш соҳасидаги миллий мақсадлар ва вазифаларнинг 2030 йилгача бўлган даврда амалга оширилишини назорат қилиш бўйича Парламент комиссияси шу мақсадда тизимли ишларни амалга оширмоқда.

Мазкур комиссия томонидан Бухоро ва Тошкент вилоятларида чиқиндилар билан боғлиқ жараёнлар ўрганиб чиқилди.

Олий Мажлис Сенатида мана шу ўрганиш натижаларига бағишланган йиғилиш бўлиб ўтди.

Сенат раиси – Парламент комиссияси ҳамраиси Танзила Норбоева ушбу соҳада амалга оширилган ижобий ишлар билан бирга, кўплаб муаммо ва камчиликлар сақланиб қолаётганини таъкидлади.

— Чиқиндилар билан боғлиқ ишларни самарали амалга ошириш қонунчилик талабларига мувофиқ ташкил этилмаган, — деди Т.Норбоева. — Хусусан, “Чиқиндилар тўғрисида”ги қонуннинг 11-моддасида маҳаллий давлат ҳокимияти органларига чиқинди билан боғлиқ ишларни амалга оширишга оид маҳаллий дастурларни тасдиқлаш ваколати берилган бўлса-да, Бухоро ва Тошкент вилоятида бундай дастурлар ишлаб чиқилмаган ва тасдиқланмаган.

Иккиламчи хом ашёни қабул қилиш шохобчалари Бухоро вилоятида 20 та, Тошкент вилоятида эса 21 та ноқонуний фаолият юритмоқда. Хизмат учун замонавий тўлов тизими амалиётга жорий этилмагани боис Бухоро вилоятида 25,8 миллиард сўм, Тошкент вилоятида 44 миллиард сўм аҳолининг дебитор қарздорлиги юзага келган. Бундан ташқари, заҳарли чиқиндилар билан ишлаш ҳолати ўз ҳолига ташлаб қўйилган. Ушбу салбий ҳолатларга йўл қўйилганлиги юзасидан тегишли идора ва ташкилот вакиллари муносабат билдириши шарт.

Мажлисда ўрганишлар натижасида чиқиндиларни йиғиш, саралаш, қайта ишлаш ва утилизация қилиш аҳволи қониқарли ҳолатда эмаслиги, деярли барча вилоятлар, шу жумладан, Бухоро ва Тошкент вилоятларида ҳам чиқиндиларнинг бор-йўғи 10-15 фоизи қайта ишланаётгани танқид қилинди.

Қайта ишланмайдиган чиқиндилар – биологик чиқиндилар, маиший оқава сувлар билан боғлиқ муаммолар, улардан таралаётган ёқимсиз ҳид туфайли аҳоли вакиллари томонидан асосли эътирозлар бўлаяпти. Бундай салбий ҳолатларга Тошкент шаҳрининг Сергели ва Янгиҳаёт туманлари ҳамда Тошкент вилоятининг бир неча туманларида дуч келинди. Сенатнинг тегишли қўмиталари бу борада зарур ишларни олиб бормоқда.

– Заҳарли чиқиндилар билан ишлаш ҳолати ўз ҳолига ташлаб қўйилган, – деди Оролбўйи минтақасини ривожлантириш масалалари ва экология қўмитаси раиси, Парламент комиссияси аъзоси Борий Алихонов. – Тошкент вилоятининг Бўстонлиқ туманидаги “Яккатут” маҳалласи ҳудудида 64 гектар ер майдонига 40 минг тонна маргумуш ишлаб чиқариш чиқиндиси қолдиқлари кўмилган. Лекин ушбу ер майдонининг атрофи ва устидаги бетон ариқ қум-шағал билан тўлиб кетган. Чиқиндихонанинг шарқий томони ёмғир ва қор сувларидан ювилиб жарлик ҳосил бўлган, айрим лотоклар йўқолиб кетган. Чиқиндихонанинг устки қисмига қўйилган лоток ариқлар ҳам қум-шағал билан тўлиб кетган. Умуман олганда, ҳудуднинг ўнг, яъни ғарбий томонидан Хўжақўрғон сойи оқиб ўтганлигини ва ҳудуд сел ювиб кетиш хавфи остида турганлигини эътиборга олсак, агар ушбу ҳудудда техноген жараён ҳосил бўлса, Чорвоқ сув омборининг суви заҳарланиши мумкин.

Мажлисда Экология ва атроф-муҳитни муҳофаза қилиш давлат қўмитаси раиси Нарзулло Обломурадов соҳадаги муаммолар ҳақиқатдан мавжудлигини қайд этди. Бироқ, уларнинг ечимлари кўп жиҳатдан тўлов интизомига боғлиқ эканини, аҳолидан йиғилаётган ойлик тўловлари харажатларни қоплашга етмаяпди.

Мажлис якунида Парламент комиссиясининг соҳадаги камчиликларни бартараф этишга қаратилган комплекс чора-тадбирларни ўз ичига олган тегишли қарори қабул қилинди.

Норгул Абдураимова,  ЎзА