Президентимиз сўзининг якунида замонавий таҳдидларни фақат мулоқот, бир-бирининг манфаатларини ҳисобга олиш, умумэътироф этилган халқаро ҳуқуқ меъёрларига амал қилиш орқали самарали енгиб ўтиш мумкинлигига ишонч билдирди.

–Айнан шунинг учун ҳам биз илгари сурган умумий хавфсизлик ва фаровонлик йўлида ҳамжиҳатлик борасидаги Самарқанд ташаббусининг асосий мақсади инсоният келажаги учун бефарқ бўлмаган, тинчлик, тотувлик ва биргаликда гуллаб-яшнаш учун интилаётган барча соғлом кучларни амалий мулоқотга жалб этишга қаратилгандир.

Биз Қозоғистоннинг Кенгашга 2024 йилга қадар раисликни давом эттириш ниятини қўллаб-қувватлаймиз ва қозоғистонлик дўстларимизга омадлар тилаймиз.

Ишончим комил, шериклик ва ишончни мустаҳкамлаган ҳолда умумий интилишларимиз билан биз эзгу мақсадларга – мамлакатларимиз тинчлиги, барқарорлиги ва равнақини таъминлашга эришамиз, – деди Шавкат Мирзиёев.

ЎзА