“Uzbek Тigers”нинг ғалабали одимлари

“Uzbek Тigers” ва «Colombia Heroicos» жамоалари ўртасидаги сўнгги учрашувда 91 килограммдан оғир бўлган Баҳодир Жалолов ҳамда Кристиан Салкедо ўзаро рақобатлашди.

Умидли боксчимиз Баҳодир мазкур жангда ғалаба қозонди ва жамоамизнинг 4:1 ҳисобидаги ғалабасини таъминлади.

Бокс бўйича “Uzbek Tigers” жамоаси Бутунжаҳон бокс сериялари (WSB) VIII мавсумидаги учинчи баҳсида Тошкент шаҳридаги “Унверсал” спорт мажмуасида Колумбиянинг “Colombia Heroicos” жамоасига қарши рингга кўтарилди.

Халқаро ҳаваскор боксчилар уюшмаси (АIBA) томонидан ташкил этилган турнирнинг бу йилги баҳсларида жамоалар уч минтақага бўлинган ҳолда ўзаро куч синашмоқда. “Uzbek Tigers” Америка минтақасидаги «Colombia Heroicos” (Колумбия), “Cuba Domadores” (Куба) ва “Caciques de Venezuela” (Венесуэла) каби кучли жамоалар билан рақобатлашмоқда.

Бутунжаҳон бокс сериялари (WSB)нинг VIII мавсумида “Uzbek Tigers” дастлабки учрашувда сафарда “Cuba Domadores” (Куба)га 5:0 ҳисобида имкониятни бой берган бўлса, иккинчи учрашувда кубалик боксчилар устидан 4:1 ҳисобида зафар қучди.

«Colombia Heroicos” жамоаси эса Колумбияда мусобақанинг дастлабки турида Венесуэланинг “Caciques de Venezuela” жамоасини 3:2 ҳисобида енгди

Бугун, 1-март куни “Uzbek Tigers” жамоаси “Colombia Heroicos”ни 4:1 ҳисобида мағлубиятга учратди.
Мазкур беллашувда Худойназар Файзов — Кейбар Авила, Шунқор Абдурасулов — Дуван Зулета, Маҳмуд Гаипов — Александр Ранхел, Бектемир Мелиқўзиев — Диего Мотоа, Баҳодир Жалолов — Кристиан Салкедо ўртасида жанглар бўлиб ўтди.

– Ғалабага эришганимиздан хурсандмиз, — дейди Бектемир Мелиқўзиев. – Барча учрашувлар биз учун жиддий тарзда ўтган бўлса-да, унга мураббийларимиз қўл остида муносиб тайёршарлик кўрган эдик. Умид қиламанки қолган учрашувларда ҳам ғалаба қозонамиз.

 

Жавоҳир Тошхўжаев, ЎзА