Польша “Nuclear sharing” дастурида иштирок этиш учун ариза ёзди, дея баёнот берди мамлакат телевидениеси орқали миллий мудофаа вазири ўринбосари Павел Залевский.

Аввалроқ Президент Анжей Дуда “Fakt” нашрига берган интервьюсида ҳукумат ўз ҳудудида Америка ядро қуролини жойлаштиришга тайёрлигини билдирган эди.

***

ХХР Раиси Си Цзиньпин Франция Президенти Эммануэль Макрон ва Еврокомиссия раҳбари Урсула фон дер Ляйен иштирокида кечадиган уч томонлама учрашувда Хитой – ЕИ муносабатидаги стратегик аҳамият ва барқарорликни мустаҳкамлаш имкониятидан фойдаланишга тайёр, деб баёнот берди брифингда ХХР ТИВ расмий вакили Линь Цзянь.

Аввалроқ Еврокомиссия расмий вакили Эрик Мамер 6 май куни Фон дер Ляйен Парижга келишини маълум қилганди. Бу ерда у Макрон ва Си Цзиньпин ўртасидаги музокарага қўшилади.

***

Президент Жо Байден Шимолий Каролина штатидаги Шарлотта шаҳрида юз берган отишма туфайли Конгрессни ўқ отар қурол савдоси устидан назоратни кучайтиришга чақирди.

Душанба куни Шарлотта шаҳрида отишма юз бериб, полициячилардан тўрт нафар ҳалок бўлган, тўрт киши жароҳат олган.

***

– Мозамбикда ёмғир мавсуми бошлангандан буён жами 148 инсон ҳалок бўлди, 206 киши жароҳат олди, – дейилган мамлакат Табиий офат оқибатини юмшатиш ва бошқариш миллий институти (INGD) тарқатган хабарда. – Табиий офатдан 241 327 одам жабр кўрди.

Ноқулай об-ҳаво 500 мактабга зиён етказган.

***

Афғонистоннинг Ҳирот вилоятида масжидга уюштирилган қуролли ҳужум натижасида камида олти киши қурбон бўлди, деб хабар тарқатди “Пажвак” агентлиги. Мамлакат Ички ишлар вазирлиги вакили Абдулла Матин Қаний маълумотига кўра, ҳужум Гузар туманида юз берган.

***

Араб лигаси давлатлари (АЛД) ва Марказий Осиё мамлакатлари Озарбайжон – Арманистон муносабатини яхшилашга қаратилган жараённи қўллаб-қувватлади. Бу ҳақда “АЛД – Марказий Осиё – Озарбайжон” иқтисодий ҳамкорлик форуми 3-мажлиси якуни бўйича қабул қилинган Доҳа декларациясида қайд этилган. Ҳужжатда тинчлик битимини тезроқ имзолаш ҳамда тўртта қишлоқни Озарбайжонга қайтариш назарда тутилган чегара делимитацияси бўйича шартнома муҳим аҳамият касб этиши алоҳида таъкидланган.

***

Қозоғистон Иқтисодий тадқиқотлар институти тарқатган маълумотга қараганда, 2023 йил мудофаа харажати республика бюджетининг 5,1 фоизини ташкил этган. Ҳарбий соҳага ажратилган маблағ 2022 йилга нисбатан 2,5 фоиз, яъни 250 миллион доллар ошган.

***

Кениянинг марказий қисмида тўғон ўпирилиши оқибатида 40 дан зиёд киши ҳалок бўлди, деб ёзди ТАСС агентлиги Накуру округи губернатори Сьюзен Кихикага таяниб.

– Бедараклар ҳам бор, уларни қидириш давом этяпти, – дейилган хабарда.

Ҳукумат маълум қилишича, офатни икки ойдан буён давом этаётган кучли жала келтириб чиқарган.

***

– Энг ачинарли жойи шундаки, ҳамон ҳуқуқий жиҳатдан Президент ҳисобланган инсон мамлакатимиз хоинига айланган. У тўғридан-тўғри Грузия миллий манфаатини сотмоқда…, – деди Грузия Бош вазири Ираклий Кобахидзе.

18 апрель куни Президент Саломе Зурабишвили CNN телеканалига интервью бериб, “Грузия халқи “очиқчасига россияпараст ҳукумат”нинг ҳокимият тепасида қолишига йўл қўймайди”, дея баёнот берган эди.

***

“American Enterprise Institute” маълумотига кўра, Хитойнинг ҳақиқий ҳарбий харажати 710,6 миллиард доллар. Бу Пекин эълон қилган кўрсаткичдан уч баробар кўп.

С.Раҳимов,

ЎзА