Европа чемпионлар лигасининг ярим финал баҳслари старт олди. Кеча оқшом “Бавария” — “Реал” клублари ўртасидаги илк ўйин 2:2 ҳисобидаги дуранг билан якунланди.
Учрашувда Мадрид жамоаси таркибида Винисиус Жуниор дубл қайд этган бўлса, Мюнхен клуби сафида Сане ҳамда Кейн гол уришга муваффақ бўлди. Винисиус Жуниор учрашувнинг энг яхши ўйинчиси бўлди.
Энди бу жамоалар 8 май куни Мадрид шаҳрида жавоб баҳсини ўтказади. Мазкур ўйинда ғалаба қозонган жамоа Чемпионлар лигаси финалига йўл олади.
Бугун, 1 майдан 2 майга ўтар кечаси “Боруссия Дортмунд” – “ПСЖ” жамоаси ўртасидаги иккинчи ярим финал баҳси ўтказилади.
***
U23 Осиё кубогининг учинчи ўрин учун ўтадиган баҳсида Ироқ ва Индонезия терма жамоалари ўзаро рақобатлашади. Ўйинни саудиялик Мажид Муҳаммад Ал Шаммари бошчилигидаги ҳакамлар бошқариб боради. Шунингдек, баҳсда ҳамюртимиз Владислав Сейтлин назоратчи ҳакам сифатида ишлайди.
Эслатиб ўтамиз, мазкур баҳсда ғолиб бўлган жамоа Париж Олимпиадасига йўлланмани қўлга киритади. Мағлуб Африканинг Гвинея терма жамоаси билан Олимпиада учун сўнгги йўлланма учун ўйин ўтказади.
Шу ўринда, 3 май куни ўтадиган финал ўйинида Ўзбекистон Олимпия терма жамоаси Япония термасига қарши майдонга тушади. Афсуски, бу ўйинда ҳимоячимиз Абдуқодир Ҳусанов ва ярим ҳимоячи Ҳожимат Эркинов иштирок эта олмайди. Бунга сабаб, иккала футболчининг клуби билан келишуви шундай бўлган.
Маълумот учун, Ҳ.Эркинов ўйнаётган “Ал Ваҳда” 3 май куни БАА Лига кубоги финалида “Ал Айн”га қарши майдонга тушиши лозим. Шу куни эса А.Ҳусанов жамоаси Франция чемпионатида “Лорян”га қарши ўйин ўтказади.
***
Ўзбекистон миллий терма жамоаси сардори Элдор Шомуродов ёзда келаси мавсумни қайси клубда ўтказиш масаласини ҳал қилиши керак. Сабаби, легионеримизнинг “Рома” билан 2026 йилнинг 30 июнигача давом этадиган шартномаси бор. Бироқ Рим клуби мураббийлар штаби келаси мавсум унга асосий таркибдан жой бериши эҳтимолдан анча йироқ.
Пойтахт клуби ўзбекистонлик ўйинчини 10 миллион еврога баҳоламоқда ва уни тўлиқ трансфер қилишни мўлжаллаяпти. Элдорнинг ҳозирги клуби “Кальяри” мутасаддилари эса футболчимизга келаси мавсумга қадар ишонч билдирмоқда.
Бу трансферни амалга ошириш фақатгина бир масалага боғлиқ экани айтилмоқда. Яъни, “Кальяри” юқори дивизиондаги жойини сақлаб қолсагина Э.Шомуродовни олиб қолиш бўйича ишга киришади.
Ҳозирда Элдорга Туркия ва араб мамлакатларидан жиддий қизиқиш бўлмоқда. Лекин ҳужумчининг ўзи фаолиятини Италияда давом эттиришни маъқул кўришини билдирган.
Жавоҳир Тошхўжаев,
ЎзА