Лавров Тожикистон ТИВ раҳбарига Россия чегарасидаги текширув сабабини тушунтирди
Бугун Россия ташқи ишлар идораси раҳбари Сергей Лавров Тожикистонлик ҳамкасби Сирожиддин Муҳриддин билан телефон орқали мулоқот қилди. Суҳбат чоғида Лавров РФ махсус хизматлари томонидан мамлакатда терроризмнинг олдини олиш бўйича кўрилаётган чора-тадбирлар хусусида қўшимча маълумотлар улашди.
Жорий йил 29 апрель куни Тожикистон ТИВ рус элчисига Россияда тожик фуқаролари ҳуқуқи бузилаётганидан норозилик билдирган.
Сергей Лавровнинг айтишича, мамлакатга келаётган хорижликлар синчиклаб текширилиши “Crocus City Hall”даги теракт билан боғлиқ ва бу амалиёт муайян миллат ёки динга қарши қаратилган эмас. Вазир текширув вақтинча эканини ҳам қўшимча қилган.
“Томонлар Россия – Тожикистон ўртасидаги вақт синовидан ўтган стратегик шериклик ва иттифоқчилик муносабатига амал қилиш, мавжуд ижобий динамикани сақлаб қолиш ва мустаҳкамлаш зарурлиги тўғрисида якдил фикрга эга”, – дейилган Россия ТИВ матбуот хизмати хабарида.
Тожикистон ТИВ 28 апрель куни республиканинг мингга яқин фуқароси Москва аэропортларида қолиб кетгани ҳақида хабар берди. Бундан ташқари хорижий нашрлар 22 апрелдан бери Оренбург вилоятидаги Қозоғистон – Россия чегарасида Тожикистон давлат рақамига эга 180 га яқин автомобил қолиб кетганини ёзган. Сўнг Тожикистон ташқи сиёсат идораси ўз фуқароларига ўта зарур бўлмаса, Россияга ҳар қандай турдаги транспортда саёҳат қилишдан вақтинча воз кечишни тавсия қилди.
27 апрель куни Россия ТИВ расмий вакили Мария Захарова текширувни “Crocus City Hall”даги терактдан кейин кучайтирилган хавфсизлик чораси билан изоҳлади.
Қозоғистон собиқ ички ишлар вазири қўлга олинди
Қозоғистоннинг собиқ ички ишлар вазири Ерлан Турғумбоев қўлга олинди. Бу ҳақда “Kazinform” ахборот агентлиги маълум қилди.
Республика Бош прокуратураси, Ички ишлар вазирлиги ва Коррупцияга қарши кураш агентлиги бу воқеага изоҳ бермаган. Кейинчалик Бош прокуратура маълумотни тасдиқлаб, ишда давлат сири борлиги, шунинг учун тафсилот ошкор этилмаслигини айтди. Турғумбоев 2022 йил январдаги воқеалар муносабати билан мансаб ваколатини суистеъмол қилиш моддаси бўйича қўзғатилган жиноят иши доирасида ушланган. 20 март куни у прокуратура томонидан сўроқ қилинган.
Шанхай ҳамкорлик ташкилоти Минтақавий аксилтеррор тузилмасидаги аккредитацияси тугагач, у Остонага қайтиб келган ва жиноий иш айбланувчисига айланган.
Ерлан Турғумбоев 2019 йилдан буён Ички ишлар вазирлигини бошқариб келган, 2022 йил февралда январь воқеалари туфайли лавозимидан озод этилган. Шундан сўнг у қарийб олти ой президент маслаҳатчиси сифатида ишлади, 2023 йил эса ШҲТ МАТТ маслаҳатчиси этиб тайинланганди.
Ўзбекистонда камбағаллик чегараси 648 минг сўм этиб белгиланди
Ўзбекистон Статистика агентлиги томонидан, “Аҳолининг минимал истеъмол харажати қиймати ва камбағаллик чегарасини ҳисоблаш тартиби тўғрисида низом”га асосан, энг кам истеъмол харажати қиймати қайта ҳисобланди.
Вазирлар Маҳкамасининг “Ёқилғи-энергетика соҳасида бозор механизмини жорий этишнинг қўшимча чора-тадбирлари тўғрисида”ги қарорига асосан, Статистика агентлиги томонидан 2024 йил 1 майга қадар, ёқилғи-энергетика ресурслари нархи ошишини ҳисобга олган ҳолда, минимал истеъмол харажати қийматини қайта кўриб чиқиш ва эълон қилиш белгиланган.
Статистика агентлиги шунга асосан энг кам истеъмол харажати қийматини ҳисоблаб чиқди.
2024 йил май ойидан ҳисобланган минимал истеъмол харажати қиймати бир ойда киши бошига 648 минг сўмни ташкил этади. 2024 йил январда эълон қилинган қиймат 621 минг сўм эди.
Маълумот учун: 2022 йил минимал истеъмол харажати қиймати 498 минг сўм этиб белгиланган, 2021 йил бу кўрсаткич 440 минг сўмни ташкил этган.
Қирғизистон ҳукумати инсон ҳуқуқи ҳимоячиларини
таъқиб қилмасликка ваъда берди
Қирғизистон Вазирлар Маҳкамаси раиси ўринбосари Эдил Байсалов маҳаллий нодавлат нотижорат ташкилотлари (ННТ) вакиллари билан учрашиб, “Чет эл агенти тўғрисида”ги янги қонун ННТ фаолиятини чеклашга қаратилмаганини таъкидлади.
– Барча ҳуқуқ ва эркинлик сақлаб қолинган, ҳуқуқ ҳимоячилари мамлакат сиёсий ҳаётида эркин иштирок этиши мумкин, – деди Байсалов. – Ягона талаб – рўйхатга олиш. Бутун дунёда шундай. Ҳеч қандай таъқиб бўлмайди. Биз ННТнинг мамлакатимиз фаровонлиги йўлидаги фаолиятидан манфаатдормиз.
Аввалроқ хорижий мустақил нашрлар ҳуқуқ ҳимоячилари билан боғлиқ хавф-хатар, давлат идораларининг нодавлат нотижорат ташкилотлари фаолиятига аралашуви эҳтимоли ва мажбурий молиявий текширув хавфидан хавотир билдирган эди. Янги қонунчилик юзасидан савол кўп, аксарият бандлар, қонунга қаршилар фикрига кўра, ҳаётий эмас.
Қирғизистон Адлия вазирлиги маълум қилишича, янги қонун учун низом ва норма ишлаб чиқилмоқда. Батафсил маълумот кейинроқ, яъни ўзгариш, қўшимчалар жамоатчилик муҳокамасига қўйилгандан сўнг тақдим этилади.
Апрель ойи бошида Президент Садир Жапаров имзолаган “Хорижий вакиллар тўғрисида”ги қонун мамлакатда фаолият юритаётган хорижий ташкилотлар ва ноҳукумат бирлашмалари танқидига учраган эди.
Туркманистон ва Афғонистон Ҳиротда подстанция қурилишини якунлади
Афғонистоннинг “Да Брешна Шеркат” электр компанияси раҳбарияти ва Туркманистон делегацияси яқинда Ҳиротда “Нур ул-Жиҳод” кичик станцияси лойиҳасини тезроқ якунлаш масаласини муҳокама қилди.
Учрашувда “ДАБС” компанияси бош директори Мавлавий Абдул Раҳмон қурилишининг бориши ҳақида сўз юритди ва иш поёнига етаётганини таъкидлади.
Икки томон ўртасида барча техник масалалар ҳал этилгач, мажмуани ишга туширишга қарор қилинди.
Туркманистон Энергетика вазирлигининг Туркманистон – Афғонистон – Покистон йўналиши бўйича халқаро электр энергетикаси лойиҳалари бошқармаси бошлиғи Мурат Ортиқов “Нур ул-Жиҳод” кичик станциясини барпо этишдаги ҳамкорликни юқори баҳолади ва лойиҳа имкон қадар тезроқ якунланишига ишонч билдирди. Яқин келажакда техник масалалар протоколи бўйича иш якунланишини таъкидлади.
Субстанция Туркманистондан Ҳиротга электр энергияси узатилишини сезиларли даражада ошириши кутиляпти. Электр қуввати тақчиллиги муаммосини ҳал этиш маҳаллий ишлаб чиқариш ва умуман иқтисодиёт ўсишга, қишлоқ хўжалиги ривожланишига ва минтақада ишбилармонлик фаоллашувига ижобий таъсир кўрсатиши тайин.
Ўткир Мирзо тайёрлади.
ЎзА