Ўзбекистон савдо-саноат палатаси Қорақалпоғистон Республикаси бошқармасида экспортер ва экспорт билан шуғулланиш истагида бўлган барча тадбиркорлар билан очиқ давра суҳбати бўлиб ўтди.
Қорақалпоғистон Республикаси божхона бошқармаси томонидан ташкил этилган учрашувда товарлар экспортини амалга ошириш босқичлари, яратилган шароитлар ва талаб этиладиган ҳужжат турлари бўйича батафсил маълумот берилди. Хусусан, “Экспорт 3 қадамда” модули, “Божхона ҳудудида қайта ишлаш” божхона режими афзалликлари тақдимот кўринишида амалий мисоллар билан тушунтирилди.
Таъкидлаш жоизки, “экспорт 3 қадамда” модулида бугунги кунда қорақалпоғистонлик тадбиркорлар томонидан жами 2 мингга яқин декларация юборилган. Ҳозирча автомобиль транспортидаги ташишларга жорий этилган мазкур модулдан биргина октябрь ойида 97 фоиз экспортер-тадбиркор фойдаланиб, ўз маҳсулотлари экспортини амалга оширган. Бу эса, 9 босқичли экспорт жараёнларининг эндиликда фақат 3 босқичда амалга оширилишини таъминловчи мазкур модул имкониятларидан фойдаланиш даражаси тобора ортиб бораётганидан далолат беради.
Ташқи иқтисодий фаолият иштирокчилари учун яна бир имконият, “божхона ҳудудида қайта ишлаш” божхона режими афзалликларидан Қорақалпоғистон Республикаси бўйича 2021-2022-йилларда биронта тадбиркорлик субъекти фойдаланмаган бўлса, яратилган енгилликлар ва олиб борилган тарғибот ишлари натижасида 2023 йилда 5 та тадбиркорлик субъекти томонидан қиймати 630 минг АҚШ долларига тенг бўлган ва жорий йил ўтган даврида 18 та тадбиркорлик субъекти томонидан қиймати 3 миллион АҚШ долларига тенг товарлар ушбу режимдан фойдаланган ҳолда экспорт қилинган.
Давра суҳбати давомида ушбу режим афзалликлари, ундан фойдаланиш шартлари ва талабларига ҳам алоҳида тўхталиб ўтилди. Шунингдек, тадбиркорлар божхона, солиқ, банк, ўсимликлар карантини ва бошқа йўналишларда экспорт амалиётларида мавжуд тартиботлар ва яратилган шароитлар бўйича саволларга жавоб олди.
Довуд Абибуллаев,
ЎзА мухбири