Бугун Олий Мажлис Қонунчилик палатасидаги Ўзбекистон Экологик партияси фракциясининг йиғилиши бўлиб ўтди. Унда “Адолат” СДП ва Экологик партиянинг Қонунчилик палатасидаги фракциялари аъзолари томонидан ишлаб чиқилган “Аҳолининг маданий ҳордиқ ва дам олиш масканлари муҳофазаси кучайтирилиши муносабати билан Ўзбекистон Республикасининг айрим қонун ҳужжатларига қўшимча ва ўзгартиришлар киритиш тўғрисида”ги қонун лойиҳаси биринчи ўқишда кўриб чиқилди.
Мазкур қонун лойиҳаси билан маданий ҳордиқ масканларини, уларнинг ерларини ҳамда ушбу ерлардаги бино-иншоотни бегоналаштириш, маданий ҳордиқ масканлари ҳудудини қисқартириш, уларда бино-иншоот қуриш (енгил турдаги объектлар бундан мустасно) ёки мавжуд бино-иншоотнинг қурилиш ости майдонини кенгайтириш тақиқланмоқда.
Шу билан бирга, “ботаника боғлари” муҳофаза этиладиган табиий ҳудудлар рўйхатига киритилмоқда. “Ботаника боғлари” ва уларнинг ерларини ҳам бегоналаштириш, уларнинг ҳудудида бино-иншоотлар қуриш ёки қурилиш ости майдонларини кенгайтириш тақиқланмоқда.
Қизғин муҳокама ва фикр-мулоҳазалардан сўнг қонун лойиҳаси маъқулланди.
Йиғилишда шунингдек, “2025 йил учун Ўзбекистон Республикасининг Давлат бюджети тўғрисида”ги қонун лойиҳаси биринчи ўқишда кўриб чиқилди. Қайд этилганидек, лойиҳада 2025 йилда санитар тозалаш ишларини ташкил этиш ва аҳоли пунктларида тозаликни таъминлаш учун 150 миллиард сўмдан ортиқ, “Яшил макон” умуммиллий лойиҳаси билан боғлиқ харажатларни молиялаштириш учун 100 миллиард сўм, чўл, тоғли ва тоғолди ҳудудларда чўлланиш ва қум кўчиши, тупроқнинг сув ва шамол эрозиясининг олдини олиш ҳамда экологик муҳитни яхшилаш мақсадида ҳимоя ўрмонларини (иҳота) барпо этиш учун 80 миллиард сўм ажратиш белгиланмоқда.
Йиғилишда депутатлар Президентимизнинг 2023 йил 31 майдаги фармонига кўра, “Яшил макон” умуммиллий лойиҳаси учун 2025 йилда 528 миллиард сўм ажратиш кўзда тутилгани, лекин бюджет лойиҳасида белгиланган миқдорга нисбатан 19 фоизга молиялаштириш режалаштирилгани билан қизиқиб, бу бўйича мутасаддилардан изоҳ сўради. Кўтарилган мазкур саволга мутахассислар томонидан батафсил маълумотлар берилди.
М.Комилова, ЎзА