Шу кунларда мамлакатимизда Беларусь биатлон федерацияси президенти Андриан Цибульский бошчилигидаги делегация меҳмон бўлиб турибди.
Ўзбекистон Миллий Олимпия қўмитасида Беларусь биатлон федерацияси вакиллари билан учрашувда спортнинг қишки ва мураккаб техник турларини ривожлантириш, иқтидорли ёшларни селекция қилиш, профессионал спортда улкан ютуқларни қўлга киритишда Беларусь тажрибасини ўрганиш борасидаги ҳамкорлик масалалари муҳокама қилинди.
Меҳмонларга юртимиз спортида амалга оширилаётган ислоҳотлар, қўлга киритилаётган ютуқлар, ўтказилаётган ўқув-машғулотлар тизими, «Тошкент-2025» Осиё ўйинларига тайёргарлик хусусида сўзлаб берилди.
Беларусь биатлон федерацияси президенти Андриан Цибульский футбол бўйича Ўзбекистон олимпия терма жамоасининг қитъа кубогида эришаётган натижаларига юқори баҳо бериб, биатлон спорт турини оммалаштириш борасидаги истиқболли лойиҳалар билан ўртоқлашди.
Мулоқот давомида биатлон бўйича Беларусда ўтадиган очиқ турнирларда ўзбекистонлик спортчиларнинг иштироки, ҳамкорликда ўқув-машғулот йиғинларини ўтказиш, ўзаро тажриба алмашиш борасида келишувларга эришилди, дейилади Миллий олимпия қўмитаси хабарида.
Маълумот ўрнида айтиш лозимки, Беларусь терма жамоаси биатлон бўйича дунёнинг етакчи жамоаларидан бири саналади. Ўтган қишки Олимпия ўйинларида беларуслик спортчилар 4 та олтин, 4 та кумуш ва 3 та бронза медалини қўлга киритган.
Т. Рўзиев, ЎзА