БАА ҳукумати Ўзбекистон билан кадрлар салоҳиятини ошириш бўйича ихтисослаштирилган дастурни ташкил қилди, деб хабар бермоқда “WAM” ахборот агентлиги. Дастур бир қанча йўналишлар, жумладан, инсон ресурслари ва инсон капиталига сармоя киритиш бўйича илғор тажрибаларни ўрганишдан иборат.

Мақолада Ўзбекистон делегацияси ҳукуматни модернизация қилиш бўйича БАА ҳукумати тажрибаси ва унинг давлат кадрлари тизимини ривожлантириш, модернизация қилиш борасидаги ишлари билан танишгани ёритилган.

Семинарда, шунингдек, Инсон ресурслари бўйича федерал органнинг стратегияси, БАА ҳукуматидаги инсон ресурслари билан боғлиқ энг муҳим процедуралар ва соҳага оид қонунлар кўриб чиқилди.

БАА ҳукуматининг Инсон ресурслари бўйича федерал органи жамоаси меҳмон делегация аъзолари билан Ўзбекистон Республикаси ҳукуматида инсон ресурсларини бошқариш бўйича “hrm.argos.uz” электрон платформасини такомиллаштириш ва ривожлантириш режасини ишлаб чиқишни муҳокама қилди.

Эътиборлиси, 2019 йил апрель ойида БАА ва Ўзбекистон ўртасида ҳукуматни модернизация қилиш бўйича стратегик шериклик тўғрисидаги битим имзоланган. Ҳамкорликнинг 37 та йўналиши бўйича кўплаб ютуқлар қўлга киритилиб, истиқболли лойиҳалар амалга оширилган.

Муҳаррама Пирматова, ЎзА