Нукусда Қорақалпоғистон Республикаси Жўқорғи Кенгесининг Раиси Аманбай Оринбаев раҳбарлигида халқимизга муносиб турмуш шароитини яратиш ва маҳаллалар инфратузилмасини яхшилаш борасида амалга оширилиши лозим бўлган долзарб вазифаларга бағишланган кенгайтирилган мажлис бўлиб ўтди.
Унда Тошкент шаҳри ва вилоятлар ҳокимларининг ўринбосарлари, барча идора ва ташкилотлар раҳбарлари иштирок этди.
Мажлисда сўнгги йиллари “Инсон қадри учун” тамойили асосида Президентимиз раҳбарлигида барча жойларда кенг кўламли ишлар олиб борилаётганлиги ва мазкур ишлар бундан кейин ҳам давом эттирилиши таъкидлаб ўтилди.
Ўтказилган ўрганишлар натижасида аниқланган шароити оғир оилалар ва фуқароларни қўллаб-қувватлаш ҳамда овул ва маҳаллалар инфратузилмасини ривожлантириш мақсадида Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг 2023 йил 2 февралдаги “Қорақалпоғистон Республикасида аҳоли учун муносиб турмуш шароитларини яратиш ва маҳаллалар инфратузилмасини янада яхшилаш чора-тадбирлари тўғрисида”ги қарори қабул қилинди.
Мазкур қарор асосида 363,9 миллиард сўм маблағ ҳисобидан барча овул ва қишлоқлардаги аҳоли турар жойлари ҳамда ички йўллар ҳолати бўйича ўтказилган хатловда оғир турмуш шароитидаги оилаларга тегишли 21 минг 94 та уй-жойнинг том қисмини таъмирлаш (ёпиш) ҳамда 709 та яшаш учун яроқсиз ва авария ҳолатидаги уй-жойларни янгидан қуриш, шунингдек, Амударё, Беруний, Элликқалъа ва Тўрткўл туманларидаги 2 минг километр тупроқ йўлга қум-шағал ётқизиш белгиланди. Шундан, Тўрткўл, Беруний, Элликқалъа ва Амударё туманларидаги хонадонларни таъмирлашга 112,3 миллиард сўм давлат бюджети параметрларидаги маблағ ҳисобидан, қолган шаҳар ва туманлардаги хонадонларни таъмирлашга 231,6 миллиард сўм Қорақалпоғистон Республикаси, Тошкент шаҳри ва вилоятлар ҳокимликларининг маҳаллий бюджети маблағлари ҳисобидан, мазкур 4 та туманда тупроқ йўлларга қум-шағал ётқизиш ишлари учун 20 миллиард сўм Вазирлар Маҳкамасининг захира фонди ҳисобидан ажратилди. Шу асосда ҳозирда барча шаҳар ва туманларда қурилиш ишлари давом этмоқда.
Мажлис давомида тегишли соҳа вакиллари ва масъулларга галдаги белгиланган вазифаларни бажариш, энг асосийси, халқимизнинг бугунги ҳаётидан розилигини таъминлаш йўлида чин кўнгилдан меҳнат қилиш зарурлиги қайд этилиб, Президентимиз топшириғи асосида белгиланган вазифаларни тизимли давом эттириш кераклиги бўйича амалга оширилиши лозим бўлган топшириқлар белгилаб олинди.
Тадбирда Ўзбекистон Республикаси Президентининг маслаҳатчиси Т.Худайбергенов иштирок этди.
Довуд Абибуллаев, ЎзА мухбири