Европа Иттифоқи – Ўзбекистоннинг ишончли ҳамкори

263

Тошкентда Ўзбекистон ва Европа Иттифоқи ўртасида дипломатик муносабат ўрнатилганининг 30 йиллигига бағишланган тантанали тадбир бўлиб ўтди.

Маросимда Ўзбекистон Республикаси Президенти ёрдамчиси Саида Мирзиёева, Бош вазир ўринбосари – иқтисодиёт ва молия вазири Жамшид Қўчқоров, Европа Иттифоқининг мамлакатимиздаги элчиси Шарлотта Адриан ҳамда маҳаллий ва хорижлик меҳмонлар, элчилар, дипломатик корпус вакиллари иштирок  этди. Шарлотта Адриан хоним ўз нутқида томонларнинг кўп йиллик ҳамкорлиги бугунги кунда ҳам ўзаро ишонч тамойили асосида манфаатли ва дўстона алоқаларга мустаҳкам пойдевор бўлиб хизмат қилаётганини қайд этди.

Бугунги кунда ўзаро манфаатли алоқалар кўплаб соҳаларни қамраб олмоқда. Айниқса, “GSP+” доирасида Европа Иттифоқи ва Ўзбекистон ўртасидаги ҳамкорлик янада мустаҳкамланаётгани ва бу юртимиз ишлаб чиқарувчилари учун кенг имконият яратаётганини таъкидлаш жоиз.

Эътиборлиси, 2023 йил 22 ноябрь куни Европа Иттифоқи Преференциялар бош тизими плюс (“GSP+”) амалдаги муддатини келгуси тўрт йилга, яъни 2027 йил 31 декабрга қадар узайтириш бўйича қарор қабул қилинди. Бу имтиёз юртимиздаги хусусий секторга 448 миллион истеъмолчига эга Европа бозорига киришни осонлаштиради. Ўзбекистон ва кўҳна қитъа компаниялари ўртасида мустаҳкам ҳамкорликни рағбатлантиради, чегараларда сезиларли даражада тежамкорликка эришиш имконини беради. Жорий йил 5 апрель куни ЕИ ва Ўзбекистон ўртасида хом ашё (CRM) соҳасида барқарор нарх-наво занжирини ривожлантиришга қаратилган англашув баённомаси имзоланиши ҳам муҳим қадам ҳисобланади.

– Европа Иттифоқи Ўзбекистонни мустақилликка эришганидан буён қўллаб-қувватлаб келмоқда, – деди ўз нутқида Шарлотта Адриан хоним. – Бу жараён умумий тамойил ва манфаатга асосланган кўп қиррали ҳамкорликка айланмоқда. Демократия ва қонун устуворлиги, инсон ҳуқуқи, самарали бошқарув, иқтисодий ривожланиш ва минтақавий ҳамкорлик шерикликнинг асосий йўналишларидир. Биз яшил иқтисодиётга ўтиш ва рақамлаштиришнинг барча тармоқларида ҳамкорликни, Ўзбекистоннинг ЖСТга киришини қўллаб-қувватлашни давом эттирамиз. Мазкур жараён мамлакатнинг иқтисодий ривожланишини қўллаб-қувватлаш, Европа хусусий сармоясини кўпайтириш, қўшимча қиймат ва иш ўринлари яратиш учун алоқани чуқурлаштиришга биргаликда интилишнинг яна бир белгисидир.

Шарлотта Адриан  ушбу тантана муносабати билан Тошкентда сўнгги бор нутқ сўзлаётганини таъкидлаб, ҳукумат, парламент, фуқаролик жамияти вакилларига, ҳамкорларга, шунингдек, ўзбек халқига меҳмондўстлиги ва дўстона муносабати учун самимий миннатдорлик билдирди.

Тошкент ботаника боғида Европа Иттифоқи фестивали ўтказилиши  юбилей тадбирларининг мантиқий давоми бўлди. Анжуманда Ўзбекистонда ва минтақавий миқёсда амалга оширилаётган 50 га яқин ЕИ томонидан молиялаштириладиган лойиҳалар тақдимоти бўлиб ўтди.

Насиба Зиёдуллаева, ЎзА