Ҳукумат фаолиятини баҳолаш: Корея Республикасида қўлланиладиган баҳолаш усуллари ва воситалари

314

Ҳукумат фаолиятини баҳолаш – давлат сиёсати, дастурлари ва хизматлари самарадорлигини аниқлаш учун фойдаланиладиган жараён.

Давлат ташаббусларининг муваффақиятини ўлчаш ҳамда ривожлантириш салоҳиятига эга бўлган ва шу билан бирга, самараси паст бўлган соҳаларни аниқлаш учун муҳим воситадир.

Мазкур баҳолаш орқали давлат бошқаруви органлари устувор йўналишлардаги вазифаларни бажариш ҳамда белгиланган натижаларга эришиш учун зарур чора-тадбирларни аниқлаш имкониятига эга бўлади.

Мазкур жараён маблағларнинг мақсадсиз сарфланишига йўл қўймаслик ва давлат бюджетидан самарали фойдаланишга хизмат қилади ҳамда очиқликни ва ҳисобдорликни, аҳолининг давлат бошқаруви органларига бўлган ишончини оширади.

Ўзбекистон Республикаси Президенти ҳузуридаги Давлат бошқарув академиясида бошланган “Ҳукумат фаолиятини баҳолаш: Корея Республикасида қўлланиладиган баҳолаш усуллари ва воситалари” мавзусидаги халқаро семинарда шу ҳақда сўз борди.

Унда Корея давлат бошқаруви институти президенти Сангҳан Чои ва институт профессор-ўқитувчилари, Давлат хизматини ривожлантириш агентлиги масъуллари, вазирлик ва идоралар раҳбарлари ва ходимлари, академия олимлари ҳамда оммавий ахборот воситалари вакиллари иштирок этмоқда.

Тадбирда Корея Республикаси сўнгги бир неча ўн йилликда ҳукумат фаолиятини баҳолашда сезиларли ютуқларга эришган давлат экани қайд этилди.

Кореяда давлат фаолияти самарадорлик кўрсаткичларининг комплекс тўплами ишлаб чиқилган. Корея ҳукумати катта ҳажмдаги маълумотларни таҳлил қилиш ва тенденцияларни аниқлаш учун катта миқдорда сармоя ажратган.

Жанубий Корея ҳукумат фаолиятини баҳолашда унинг сиёсати ва дастурлари самарали ва шаффоф бўлишини таъминлашга ёрдам берган бир қанча илғор тажрибаларни жорий қилди. Бу давлат тажрибасини чуқур ўрганиш ва унинг энг яхши жиҳатларини ўзимизда жорий қилишда мазкур халқаро семинар-тренинг муҳим аҳамиятга эга.

Ўқув-тренинг мақсади иштирокчиларни Корея Республикасининг ҳукумат фаолиятини баҳолаш тизими, шу жумладан, қўлланиладиган баҳолаш усуллари ва воситалари бўйича билимлар билан қуроллантиришдан иборат.

Ўқув дастури тўққиз модулни ўз ичига олади. Унда Корея ҳукумати фаолиятини баҳолаш тизими, ўзини ўзи баҳолаш, махсус баҳолаш, фаолият мақсадларини белгилаш ва тегишли кўрсаткичларни шакллантиришнинг назарий-амалий асослари, тегишли кўрсаткичларни шакллантириш, бу ҳақдаги фикр-мулоҳазалар, Корея ҳукумати сиёсати натижаларини баҳолаш, ҳаракатлар режаларини ишлаб чиқиш ва муҳокама қилиш бўйича амалий машғулотлар олиб борилади.

Н.Абдураимова, ЎзА