Оғир атлетика бўйича Ўзбекистон ўсмирлар терма жамоаси Перу пойтахти Лима шаҳрида ўтказиладиган Жаҳон чемпионатида иштирок этиш учун Жанубий Америкага жўнаб кетди.

Дунёнинг юзга яқин давлатларидан маҳоратли ёш спортчилар иштирок этиши кутилаётган мазкур нуфузли мусобақада Жўрабек Зоиров мураббийлигидаги 6 нафар спортчимиз юртимиз шарафини ҳимоя қилади.

– Ўсмирлар ўртасида ўтказиладиган жаҳон чемпионати оғир атлетикага янги номлар кириб келиш ва ҳақиқий полвонлар спортининг юксалиш бекати ҳисобланади. Айнан ушбу ёш тоифасидаги спортчилар оғир атлетиканинг келажаги саналади. Тажрибадан маълум, чемпионликка даъвогар спортчилар ўсмирлар ўртасидаги мусобақаларда кашф этилади. Олимпия ўйинлари ғолиблари Руслан Нурудинов, Акбар Жўраев катта спорт майдонидаги илк муваффақиятига ўсмирлар ўртасидаги чемпионатларда эришган. Шу жиҳатдан, Перуда беллашувларга ҳозирланаётган ўсмирларимиз Руслану Акбарларнинг издошлари сифатида ўз сўзини айтишига ишонамиз, – дейди Ўзбекистон оғир атлетика федерацияси бош котиби Олим Маҳмудов.

Эслатиб ўтамиз, Лима супачасида юртимиз шарафини ўғил болалардан Руслан Раҳматжонов (-81), Бекзод Ғофуржонов (-89), Омадилло Олимов (+102), ўсмир қизлардан эса Людмила Элефтериади (-55), Маржона Абдумуталова (-59) ҳамда Дилноза Файзуллаевалар  (-71) ҳимоя қилишади.

Чемпионат 22-26 май кунлари бўлиб ўтади.

 

Т.Рўзиев,

ЎзА