Исроил учувчисиз самолётлари ҳужуми натижасида Нусейрат қочқинлар лагерида уч киши, Ғазода икки киши ҳалок бўлди. Душанба куни шаҳарда вафот этганлар сони ўттиз тўрт нафарга етган.
Рафоҳ “хавфсиз ҳудуд” мақомини тўлиқ йўқотди.
«Al-Jazeera»нинг Рафоҳдаги мухбири хабар беришича, ушбу жанубий шаҳар қонли жанг майдонига айланиши мумкин, чунки Исроил режаланган қуруқлик ҳужуми олдидан Рафоҳга зарбани кучайтиради.
АҚШ давлат котиби Энтони Блинкен Саудия Арабистонига ташрифи давомида Саудия Арабистони, Қатар, Миср Ташқи ишлар вазирлари билан Ғазодаги можарони тинч йўл билан ҳал этиш бўйича музокара олиб борди. У ХАМАСни Исроилнинг Ғазо сулҳи бўйича таклифига рози бўлишга чақирган. Мазкур келишув қирқ кун ўт очишни тўхтатишини назарда тутади. ХАМАС ёзма жавоб беришини маълум қилган. Исроил армияси радиоси гуруҳ келишувни яқин кунларда қабул қилмаса, Рафоҳдаги ҳужум муқаррар бўлишини айтган.
Блинкен душанба куни Исроил ташаббусини “саҳоватли таклиф” экани ва буни иккинчи томон тезроқ қабул қилиши кераклигини айтди. ХАМАС расмийси Усама Ҳамдам, жавобан, ўн минглаб тинч аҳоли, асосан, аёллар ва болалар вафот этаётган урушни тўхтатишда ҳеч қандай сахийлик йўқлигини билдирган.
Халқаро жиноят суди Исроил ҳарбийларининг Ғазодаги хатти-ҳаракати учун мамлакат раҳбарларини ҳибсга олиш учун ордер бериши мумкин, деб хабар берган «Associated Press».
Беньямин Нетаньяҳу Исроилни Яқин Шарқдаги ягона демократик ва дунёдаги ягона яҳудий давлатлигини айтиб, мамлакат расмийларини қўлга олиш ҳақидаги буйруқ уни ғазаблантиргани ва ҳеч қачон бош эгмаслигини айтган. Шу билан бирга, Байденга телефон қилиб, ордер берилишига йўл қўймасликни илтимос қилган.
Сардорбек Поёнов, Ёқубжон Мелибоев, Улуғбек Тўхтаев (видео), ЎзА.