Ўзбекистон Президенти Шавкат Мирзиёевнинг Подшоҳ Салмон бин Абдулазиза Ол Сауд таклифига биноан Саудия Арабистонига давлат ташрифи мавзуси нуфузли хорижий ОАВ эътиборида бўлиб турибди.

Масалан, Ислом ҳамкорлик ташкилоти (ИҲТ) ахборот агентликлари уюшмаси (Union of News Agencies – UNA OIC) расмий сайти ЎзАга таяниб ахборот беришича, ташриф чоғи Жидда шаҳрида бўлиб ўтадиган олий даражадаги музокарада икки мамлакат ўртасидаги кўп томонлама ҳамкорлик масаласи «яшил иқтисодиёт», юқори технологиялар ва рақамлаштириш, инновация, кичик бизнес ва тадбиркорлик соҳаларини қамраб олган ҳолда муҳокама қилинади. Тадбир доирасида бир қатор ҳужжатлар имзоланиши кутиляпти.

Ушбу тарихий ташриф давлатларимизнинг икки томонлама муносабат ва турли соҳалардаги шерикликни мустаҳкамлаш йўлидаги қатъий интилиши даврига тўғри келди.

Муаллифнинг фикрича, Ўзбекистон ва Саудия Арабистони жуда кўп минтақавий ва халқаро масалаларда бир хил ёндашувни маъқуллайди. Шунингдек, минтақавий хавфсизлик бўйича ва замонавий таҳдид, хавф-хатарларга қарши туришда ягона позицияни эгаллаган.

Масалан, Ўзбекистон 2018 йилда Саудия Арабистонининг 2019-2021 йиллар учун БМТ Ижтимоий-иқтисодий, Аёлларга нисбатан дискриминацияга қарши кураш кенгашлари, 2020 йили БМТ Инсон ҳуқуқлари бўйича кенгаши аъзолигига, 2019 йил эса ЮНЕСКО Ижроия қўмитасига ва Жаҳон мероси қўмитасига номзодини қўллаб-қувватлаган.

2020 йил Саудия Арабистони Ўзбекистоннинг БМТ Инсон ҳуқуқлари бўйича кенгаши аъзолигига сайланишини маъқуллади.

– Икки мамлакат, шунингдек, энергетика соҳасида ҳам инвестиция фаолиятини янада кучайтиришга интилмоқда, – дея хулоса қилади UNA OIC сайти. – Хусусан, Ўзбекистон Энергетика вазирлиги ва Саудиянинг «ACWA Power» компанияси ўртасида яқин ҳамкорлик йўлга қўйилган. Ҳамкорлар бир қатор инвестициявий лойиҳаларни ўз ичига олган умумий қиймати 3 миллиард долларлик келишувлар имзоланган.

***

Озарбайжоннинг бош ахборот агентлиги – “АзерТАЖ” ҳам давлатимиз раҳбарининг Саудияга бўлажак ташрифи мавзусига алоҳида эътибор қаратган.

“АзерТАЖ” мазкур ташрифни тарихий воқеа сифатида талқин қилиб, икки мамлакат муносабатини янада мустаҳкамлаш, турли соҳаларда ҳамкорликни чуқурлаштириш йўлидаги саъй-ҳаракатлар доирасида амалга оширилаётганига урғу беради.

***

Иқтисодий йўналишга ихтисослашган “Index Economy” электрон сайтида Ўзбекистон Президентининг Саудия Арабистонига ташриф олдидан “Ўзбекистон – Саудия Арибистони савдо-иқтисодий муносабати истиқболи” сарлавҳали мақола чоп этилди.

Ушбу материалда икки томонлама савдо-иқтисодий ва сармоявий алоқанинг жорий ҳолати, товар айирбошлаш ҳажми ошиб бориши ва имзоланган қатор ўзаро ҳужжатлар мазмун-моҳияти атрофлича ёритилган.

Манбада келтирилган статистик маълумотга кўра, 2021 йил мамлакатларимиз ўртасидаги товар айирбошлаш ҳажми 17.1 миллион долларни ташкил этган бўлса, 2022 йил январь-июнь ойларида айни кўрсаткич 95.1 миллион долларга етган.

– Ўзбекистон ва Саудия Арибистони ўртасидаги иқтисодий ҳамкорликни янада кенгайтириш учун етарли салоҳият мавжуд, савдо-иқтисодий, сармоявий фаолиятни кенгайтиришдан икки томон бирдек манфаатдор, – дейилади мақолада.

Қайд этилишича, Ўзбекистон Энергетика вазирлиги ва Саудиянинг “ACWA Power” компанияси ўртасидаги самарали ҳамкорлик натижасида компания билан бирга юз мегаватт қувватга эга Нукус шамол электр стансиясини қуриш бўйича яна бир шартнома имзоланган. Бу республикамизда қайта тикланувчи энергия манбаларидан фойдаланиш бўйича давлат-хусусий шериклик асосидаги биринчи лойиҳа ҳисобланади.

“ACWA Power” ва Энергетика вазирлиги иштирокида Сирдарё вилоятининг Ширин шаҳридаги электр энергиясини сотиб олиш бўйича 25 йиллик шартнома ва умумий қиймати 1.2 миллиард долларга баҳоланган инвестиция ҳужжати расмийлаштирилган. Ҳамкорликдан кўзланган мақсад – 2030 йилга келиб қайта тикланадиган энергия ишлаб чиқариш умумий қувватини 30 фоизгача ошириш.

Мақолада ҳукуматимиз Саудия Арабистонининг янги Ўзбекистонни қуриш стратегиясига мос келадиган, иқтисодиётни ислоҳ қилиш ва либераллаштиришга қаратилган “Saudi Vision 2030” дастурини қўллаб-қувватлаши ҳам таъкидланган.

***

Ливан ахборот агентлиги – NNA-UNA сайти ҳам “Ўзбекистон Президенти икки давлат ўртасидаги ҳамкорликни фаоллаштириш мақсадида Саудия Арабистонига ташриф буюради” сарлавҳали мақола эълон қилди.

Шунингдек, таниқли халқаро эксперт, Араб-рус илмий-тадқиқот маркази директори Мажид Ал-Туркий ҳам ўзининг ижтимоий тармоқдаги саҳифасида ушбу муҳим воқеага муносабат билдирди:

– Ўзбекистон Президенти Шавкат Мирзиёев – жуда кучли ва йирик реформатор. 17 август куни у Саудия Арабистонига давлат ташрифини уюштиради. Ўз мамлакатини тараққиётга элтувчи янги ва истиқболли йўлларни тинимсиз қидираётган, шунинг баробарида ислоҳотларни халқаро сиёсий-иқтисодий янгиланишлар билан уйғун олиб бораётган Етакчининг ушбу саъй-ҳаракатлари икки давлатнинг мавжуд имкониятлари ва стратегик режаларига тамом мос келади.

 

ЎзА