Жумадан жумагача

Ҳафта таҳлили

Ҳафта бошида Ташқи сиёсат, савдо, иқтисодиёт ва транспорт масалаларига масъул бўлган вазирликлар раҳбарлари иштирокида илк бор “Ўзбекистон – Озарбайжон – Туркия” уч томонлама йиғилиши бўлиб ўтди.

Глобал иқтисодиётда кечаётган жадал ва ноодатий жараён даврида Боку ташаббускор бўлган “учлик” учрашуви муҳим аҳамиятга эга экани таъкидланди.

Аслини олганда бу уч туркий давлат шерикликни ҳам икки томонлама, ҳам кўп томонлама шаклда давом эттирмоқда. Қолаверса, айни ҳамкорликнинг янги шакли изчил ривожланиб бораётган Туркий давлатлар ташкилоти, Марказий Осиё давлатлари раҳбарларининг маслаҳат учрашуви, Шанхай ҳамкорлик ташкилоти, Каспий саммити сингари турли иттифоқчилик уюшмаларини тўлдиргандек.

Шу йил март ойи охирида Туркия Президенти Режеп Таййип Эрдоған, июнь ойида Озарбайжон Президенти Илҳом Алиев Тошкентга ташриф буюрганди. Ҳар икки давлат етакчиси Ўзбекистон раҳбари Шавкат Мирзиёев билан музокаралар чоғида, тахминимизча, мазкур “учлик” масаласини келишиб олишган.

Мамлакатимиз Боку – Тбилиси – Карс темир йўлининг транзит салоҳиятидан фойдаланиши учун кенг имконият яратилаётгани муҳимлигини уч томон ҳам эътироф этди. Биз ҳам, ўз навбатида, ғарбнинг иқтисодий санкцияси туфайли анча мушкул вазиятга тушиб бораётган Россия имкониятларидан вақтинча фойдалана олмаслигимиз бор гап.

“Учлик” йиғилишида Хитой – Қирғизистон – Ўзбекистон ҳудудидан ўтадиган янги темир йўл ҳақида ҳам гап борди. Бу лойиҳа амалга ошгач, Транскавказ йўлаги орқали нафақат биз учун, ҳатто, хитойликлар учун ҳам Европага янги савдо йўли очилиши шубҳасиз.

Сентябрь ойида Самарқандда ШҲТ саммити бўлиб ўтади. Томонлар ушбу сиёсий тадбир доирасида яна кўришиб олишга келишди.

Ўтаётган ҳафтада жаҳон афкор оммасининг бутун диққат-эътибори АҚШ Конгреси Вакиллар палатаси спикери Ненси Пелосига қаратилди. Осиё-Тинч океани минтақаси сафарига чиққан Қўшма Штатларнинг учинчи юқори лавозимли шахси дастурида Тайванга бориш кўрсатилмаганди. Халқаро нашрлар ва экспертлар унинг мазкур оролга бирров кириб кетиши устида анча тортишди. АҚШ ташқи ишлар маҳкамаси раҳбари баҳсга қўшилиб ўтирмади: “хоним хоҳласалар, оролга борадилар”, деб қўя қолди жўнгина.

Пекин росмана ғазаб отига минди: “кўрсатиб қўяман”, деган таҳдидни икки-уч кун ичида жуда кўп такрорлади. Ҳатто, кутилмаганда орол атрофида режаланмаган ҳарбий машқ ҳам бошлаб юборди.

Оммавий ахборот воситалари Пелоси минган учоқнинг қайси давлат осмони ҳудудидан ўтаётгани тўғрисида, деярли, аниқ-ноаниқ хабарлар тарқатиб турди. Кимнингдир башорати тўғри чиқиб, самолёт маҳаллий вақт билан оқшом соат ўнлардан ошганда Тайбейга қўнди.

Оролга 1997 йилда республикачи, Вакиллар палатаси етакчиси Ньют Гингрич ташриф буюрган бўлса, 25 йил деганда навбатдаги спикер раҳбарлигидаги делегация қайта келди. Ненси хоним режадаги учрашувларини ўтказиб, 19 соатдан кейин сафарини давом эттириш учун Сеулга қараб учди.

АҚШ қадимдан Тайванни қўллаб келади. Расмий равишда ҳудуднинг ҳарбий ишларига аралашмайман, дейди-ю, Вашингтон Тайбейга қурол сотишдан тийилмайди. “Биз “яхлит-бутун Хитой” тарафдоримиз”, дейишни-да унутмайди.

Хитой бизга тегишли, дея оролни ўзига бирлаштириш учун анчадан буён уриниб ётибди. Агар тинч йўлга кўнмаса, ҳарбийлар аралашади, деб ҳам қўяди ора-сира.

Пекин америкалик мулозимнинг учоғи Тайбейдан осмонга кўтарилмасиданоқ Тайванга иқтисодий санкция эълон қилди. Оролга етказиб берилаётган уч хил цитрус мева тўхтатилди. Икки хил балиқ импорти қисқартирилди. Албатта, бу чора орол иқтисодиётига жиддий зарар етказмайди, аммо Хитойдан қум келишини тақиқлаш сезиларли таъсир қилади. Бундан ташқари турли жамғарма ва ташкилотлар билан алоқани буткул узиш талаб қилинмоқда.

Гапнинг очиғини айтиш керак бўлса, олий мартабали чет эл делегацияси мухтор вилоятга келиши учун пойтахт расмийлари билан келишиши талаб этилади. Пекиннинг “Пелоси Тайванга келиши Хитой ички ишларига аралашиш”, деган баёнотини хориж таҳлилчилари маъқуллашди. Яъни, мустақил бўлмаган оролга амалга оширилган сафарни бошқа тилда “провокация”, деб аташ ҳам мумкин, дейишди.

Оролдаги музокарада таҳлилчилар диққатини тортган томони Пелоси ҳам Президент Цай Инвэнь ҳам Тайваннинг мустақиллиги ҳақида бир оғиз гап очмадилар. “Америка оролни доим қўллаб-қувватлайди” қабилидаги навбатчи калима билан чегараланишди.

Икки юқори лавозимли хоним суҳбати якунида Тайвань президенти шахсан ўзи Пелосига мамлакатнинг энг олий мукофотларидан – “Бахтли булутлар” орденини топширди.

Кўп манбаларда афсус билан қайд этилишича, Ғарбнинг сиёсати туфайли Тайвань ва ер юзининг бошқа жойларида шу кунларда содир бўлаётган ҳарбий амалиётлар глобал уруш ва ядро қирғини хавфини оширмоқда. Бу орада шундоқ ҳам таранглашган муносабатни яхшилаш ўрнига сусайтириш учун Тайванга бориш шарт эмас эди, дегувчи сиёсатчилар ҳам топилди.

Вашингтон ва Пекин ўртасидаги геосиёсий муносабат дунёдаги энг муҳим миллатлараро зиддият ҳисобланади. Икки йирик давлат рақобатчи кўрингани билан, аслида, бир-бирига душман, дейди экспертлар. Шу билан бирга иш қуролли тўқнашувга етиб бормаслиги ҳам алоҳида таъкидланади.

Пелоси таъбири билан айтганда, Тайванга сафар муваффақиятли ўтган. У коммунистик Хитой раҳбариятини доғда қолдириб, Пекиннинг Тайвандаги амалларини қоралаган.

Оқ уй маъмурияти ҳам Пелосини тўла қувватлади. Конгрессда нафақат демократ-сенаторлар, балки 26 нафар республикачи ҳам раҳбарга дастак берди. Вакиллар палатаси эса 82 ёшли демократ спикернинг сиёсий карьераси ниҳоялаб бораётганидан хавотирга туша бошлади.

Россия, Украина ва Туркия бевосита БМТ кўмагида хайрли ишга бош қўшганди. Узоқ тортишув ва музокарадан сўнг Қора денгиздан Украина учун «буғдой йўлаги” очиб берилди. “Razoni” юк кемаси 1 август куни Одесса портидан чиқиб, эртасига Истанбулда Қўшма мувофиқлаштирувчи марказ текширувидан ўтказилиб, Ливаннинг Триполи портига кузатиб қўйилди.

Илк кемага 26 минг тонна маккажўхори ортилди. Нега Ливанга, деган ҳақли саволга жавоб шуки, бу мамлакат халқи ижтимоий, иқтисодий, молиявий инқирозни, озиқ-овқат танқислигини бошидан кечирмоқда. Маблағ-чи? Жаҳон банки кечиктирмасдан дон маҳсулотлари сотиб олиш учун июль ойида Ливанга 150 миллион доллар ажратди.

Уч давлат имзолаган ҳужжат 120 кун амалда бўлади: уч ойда тез бузиладиган озиқ-овқат маҳсулотларини Украинанинг Одесса, Черноморск, Жанубий ва Николаев портларидан олиб чиқиб кетишга улгуриш лозим.

Шу тариқа Украинага 23 миллион тонна буғдойини жаҳон бозорига чиқариб сотиш имкони яратиб берилди. Кутилаётган даромад – 1 миллиард доллар. БМТ анчадан буён буғдой тақчиллиги туфайли дунёда озиқ-овқат инқирози юз беришидан огоҳлантириб келаётган эди. Демак, бу амалиётни кичик дастак сифатида қабул қилиш мумкин.

Украинанинг денгиз портларида мина ва турли бошқа таҳдидлар туфайли қантариб қўйилган 15 мамлакатнинг 70 га яқин кемасига йўл очилди.

Эътибор қилинса, уч давлатнинг юқори мартабали зобитлари бу ишга бош-қош. Ҳарбийлар аралашувисиз бу иш охирига етказилиши даргумон эди, дейди айрим хорижлик таҳлилчилар.

Нима бўлгандаям, музлаб ётган “буғдой иши” юриб кетди. Вақтида “аввал иқтисод, кейин сиёсат”, деган гапнинг мағзи чақилди, чоғи.

Туркия етакчиси озиқ-овқат масаласи қисман ҳал этилганидан мамнунлигини яширмади: Навбат – икки давлатни яраштиришга! Шундай хушхабарни яқин кунларда эшитмоқ умиди билан,

Яна хабарлашгунча, деб қоламан!

ЎзА сиёсий шарҳловчиси

Аброр ҒУЛОМОВ