175 давлат вакиллари Оттавада елим идишдан ифлосланишга қарши кураш бўйича глобал шартномани имзолашга қаратилган музокарани бошлаш учун йиғилди. Олимлар таъкидлашича, пластик ифлосланиш тоғ чўққисидан тортиб, океан қаъригача ва ҳатто, инсон биологияси доирасида ҳам сайёрамизнинг ҳар бир бурчагини қамраб олмоқда.

БМТ шафелигидаги музокарага раислик қилган Луис Вальдивьесо фикрича, “Дунё пластик ифлосланишдан холи келажакка эришиш учун зарур ҳаракатдан, халқаро ҳамкорликни мувофиқлаштирадиган ва бошқарадиган янги шартнома тузилишидан умидвор”.

2022 йилда айни муаммога қарши глобал миқёсда курашиш бўйича аниқ чора-тадбирлар кўра бошлаган мамлакатлар олдида 2024 йил охиригача шартнома лойиҳасини тасдиқлаш мажбурияти турибди. Бинобарин, асосий иш энди бошланяпти.

Муҳим аҳамият касб этган Оттава саммити йил сўнгида Жанубий Кореяда ўтказилиши режалаштирилган музокаранинг якуний босқичи олдидан ҳал қилувчи йиғилиш ҳисобланади.

Халқаро шартномада 2040 йилга келиб елим идиш ишлаб чиқаришни 75 фоиз қисқартириш кўзда тутилган. Афсуски, пластмасса сўнгги йигирма йил ичида икки баробар кўпайди ва йилига 460 миллион тоннани ташкил этмоқда. Кейинги ўн йилликда ушбу кўрсаткич яна уч карра ошиши тахмин қилинган. Пластик ифлосланиш океан ва иқлим учун ўта жиддий оқибатларга олиб келиши эса аллақачон исботланган.

Г.Сатторова, ЎзА