Марказий банк бошқарувининг навбатдаги йиғилиши ўтказилди. Унда асосий ставкани йиллик 14 фоиз даражасида ўзгаришсиз қолдириш тўғрисидаги қарор қабул қилинди.

Умумий инфляция йил бошидан пасайишда давом этиб, март ойида йиллик 8 фоизни ташкил этди. Бунда озиқ-овқат товарлари инфляциясида сезиларли пасайиш кузатилди. Ташқи озиқ-овқат бозорларидаги нархлар динамикаси импорт инфляциясига пасайтирувчи таъсир кўрсатди.

Иқтисодиётда юқори талабнинг сақланиб қолаётгани ҳамда айрим тартибга солинадиган нархлар ва тарифларнинг оширилиши шароитида хизматлар инфляцияси сўнгги ойлар давомида барқарор ўсиб бормоқда.

Базавий инфляция сезиларли секинлашиб, март ойида йиллик 7,6 фоиз ва йил бошидан умумий инфляция даражасидан пастроқ шаклланди.

Аҳоли ва тадбиркорларнинг инфляцион кутилмалари инфляциянинг жорий ва прогноз даражасидан юқорилигича қолмоқда. Шу билан бирга, тартибга солинадиган нархларнинг тўғриланиши ва апрель ойидан бир қатор товар ва хизматларга ҚҚС жорий этилиши таъсирида инфляцион кутилмалар динамикаси юқорилаши мумкин.

Юқоридаги омилларни ҳисобга олиб янгиланган макроиқтисодий прогнозларга кўра, 2024 йилда умумий инфляция прогнози 9-11 фоизгача оширилди.

Прогноз коридорининг нисбатан кенглиги, тарифлар оширилиши муносабати билан аҳолига тақдим этиладиган бир марталик тўловлар, ижтимоий норма ва икки ойлик имтиёзли давр мазкур ўзгаришлар таъсирини юмшатиш имконини бериши ҳамда ҳозирги пайтда ушбу ўзгаришларнинг аҳоли ва тадбиркорлар инфляцион кутилмаларига таъсирини баҳолаш мураккаблиги билан изоҳланади.

Ҳукумат томонидан иқтисодиётда ялпи таклифни оширишга ва инфляцияни пасайтиришга қаратилган қўшимча чора-тадбирлар, шунингдек, узоқ муддат давомидаги нисбатан қатъий пул-кредит шароитларининг йиғилган таъсирлари инфляцион жараёнларни жиловлашга хизмат қилади.

Дастлабки маълумотларга кўра, 2024 йилнинг биринчи чорагида иқтисодиётнинг ўсиш суръати 6,2 фоизгача тезлашди. Хизмат кўрсатиш, чакана савдо айланмаси ва қурилиш соҳаларидаги юқори ўсиш суръатлари, шунингдек, ишлаб чиқариш ва тоғ-кон саноати соҳаларида инвестицион фаолликнинг ошиши кузатилди.

Меҳнат бозорида ишчи кучига бўлган талаб сезиларли даражада ошиб бормоқда. Бироқ, ишчи кучи таклифида маълум сегментация мавжуд бўлиб, юқори малакали соҳаларда талабнинг тўлиқ қондирилмаётгани кузатилмоқда. Бу эса, тегишли соҳаларда иш ҳақларининг юқорироқ ўсишига олиб келмоқда.

Сўмнинг реал алмашув курси динамикаси йил бошидан 0,9 фоизга қадрсизланиб, узоқ муддатли тренди доирасида шаклланди. Ташқи савдо ҳамкорлар миллий валюталари курслари ва инфляциялари бўйича прогнозларни инобатга олганда реал алмашув курсига нисбатан босимлар кузатилмаяпти.

Янгиланган прогнозларга кўра, ЯИМ ўсиши йил якунига 5,2-5,7 фоиз оралиғида бўлиши кутилмоқда.

Иқтисодий ўсишнинг янгиланган прогнози аҳоли ва тадбиркорлик субъектлари харажатларидаги таркибий ўзгаришлар ҳисобига келгусида истеъмол талабининг маълум маънода мақбуллашиши билан боғлиқ.

Айни пайтда, хусусий инвестицияларда юқори фаоллик, фискал рағбатлантиришлар ва аҳоли даромадларининг ўсувчи динамикаси ўтган йиллардаги каби жорий йилда ҳам иқтисодий ўсишни қўллаб-қувватловчи омиллардан бўлади.

Амалдаги пул-кредит шароитларининг қатъийлик даражаси, ижобий реал бозор ставкаларини таъминлаш орқали иқтисодиётда кредитлаш ҳажмларининг босқичма-босқич мўътадиллаша бошлагани ва депозитлар ўсишининг тезлашишида намоён бўлмоқда.

Келгуси чоракларда банк тизимининг умумий ликвидлиги таркибий профицит шароитидан босқичма-босқич таркибий дефицит фазасига ўта бошлаши ва мазкур таркибий ўзгаришлар пул-кредит операциялари орқали тўғриланиб бориши кутилмоқда.

Марказий банк инфляциянинг 5 фоизлик таргетига эришишга қаратилган нисбатан қатъий пул-кредит сиёсатини амалга оширишда иқтисодиётдаги талаб ва таклиф мутаносиблиги, инфляцион кутилмалар ва таркибий ислоҳотлар суръатларига алоҳида эътибор қаратади.

 

Шаҳноза Маматуропова,  

ЎзА