Британия ва Қозоғистон ташқи ишлар вазирлари учрашувида имзоланган меморандумга мувофиқ, Остонада Британиянинг “Queen’s University Belfast” олий ўқув юрти филиали очилади, Оксфордда эса қозоқ тилини ўқитиш дастури ишга туширилади.

***

​​Хитой ХАМАС ва ФАТХ раҳбариятини яқин кунларда мамлакатга таклиф этмоқчи. Фаластиннинг “Quds” ахборот агентлиги ўз манбаларига таяниб шундай ёзди. Кузатувчилар бу хабар АҚШ давлат котиби Блинкеннинг Хитойга ташрифи асносида пайдо бўлганига эътибор қаратмоқда.

ФАТХ – дунёвий миллий ташкилот бўлиб, Иордан дарёси ғарбий қирғоғини қисман назорат қилади.

***

Туркия олимлари сунъий интеллект ёрдамида мамлакатга нисбатан жосуслик фаолиятини аниқлайдиган лойиҳа устида иш олиб бормоқда, деб ёзди давлатга қарашли “Anadolu” агентлиги.

– Туркия осмонидан учиб ўтадиган объектни, жумладан космик аппарат ёки йўлдошни сунъий онг орқали кузатиш мумкин, – дейилган хабарда. – Бу жосуслик фаолиятини аниқлаш имконини беради.

Таъкидланишича, лойиҳа мамлакат аэронавтика ассоциациялари университети(ТНК) томонидан илгари сурилган.

***

Буюк Британия Марказий Осиё мамлакатлари мустақиллиги ва суверенитетини қўллаб-қувватлаш учун 62 миллион доллар ажратади.

– РФ ва ХХР ўртасида кесишган чизиқ бўйлаб жойлашган Марказий Осиё мамлакатлари мустақиллиги ва суверенитетини ҳимоя қилиш биринчи даражали аҳамиятга эга, – дейди ушбу мамлакат парламенти Ташқи ишлар қўмитаси раҳбари Кернс қироллик ташқи ишлар вазири Дэвид Кэмероннинг минтақага сафарига баҳо бераркан. – 50 миллион фунт миқдоридаги қўшимча маблағ Британияга минтақада ўз “юмшоқ кучи” ва таъсирини кучайтиришга ёрдам бериши мумкин. Мазкур ахборот Британия парламенти сайтида эълон қилинган.

***

КХДР ташқи иқтисодий алоқалар вазири Юн Чжон Хо раҳбарлигидаги Шимолий Корея делегацияси Эронга келди, деб ёзди Марказий телеграф агентлиги.

“Voice of America” маълум қилишича, Шимолий Корея ва Эрон анчадан буён баллистик ракета яратиш дастури бўйича ҳамкорликда гумонланади. Нашр тахминича, бу икки давлат ракета ишлаб чиқариш учун техник қисмлар ва тажриба алмашаётган бўлиши мумкин.

***

АҚШ Давлат департаменти Польшага радиолокацияга қарши бошқариладиган ракета сотиш тўғрисидаги келишувни маъқуллади, дея хабар тарқатди Пентагон таркибига кирувчи хавфсизлик соҳасидаги ҳамкорлик бўйича агентлик. Польша ҳукумати Вашингтондан 360 дона “AARGM-ER” русумли ракета, ушбу қурилма учун зарур техника воситалари, дастурий таъминот, эҳтиёт қисм, логистик хизмат ва мазкур ракетадан фойдаланиш бўйича ўқитишни сўраган.

***

Франция ҳукумати Парижда ўтадиган Олимпия ўйинларида террор ҳаракати содир этишга тайёрланаётганликда гумон қилинган 16 ёшли ўсмирни ушлади, деб хабар тарқатди BFM TV.

– Париж аксил террор прокуратураси Юқори Савойда 16 ёшли ўсмир қўлга олингандан кейин тергов бошлади, – дейилган телеканал хабарида.

***

Чоршанба куни АҚШ Президенти Жо Байден хорижий иттифоқчилар, хусусан Украинага ёрдам тўғрисидаги қонун лойиҳасини имзолади. Мазкур ёрдам конгрессда тасдиқланиши учун ярим йил вақт кетди.

Шундан кейин Президентнинг миллий хавфсизлик бўйича маслаҳатчиси Жейк Салливан “Украинага ҳарбий ёрдам етказишга зудлик билан киришилади”, дея баёнот берди.

***

Испания ҳуқуқни таъминлаш идораси вакиллари қоғозбозлик натижасида голландиялик наркобарон-миллиардерни тасодифан турмадан чиқариб юборди, деб хабар тарқатди  BBC.

“Mocro Maffia” наркокартели етакчиси Карим Буяхричан январь ойида Марбельеда қўлга олинган. У Нидерландия талабига кўра, ушбу мамлакатга топширилиши керак эди. Афсуски, сўровнома бўйича тушунарсиз қоғозбозлик жараёнида тасодифан қамоқдан чиқариб юборилган. Шундан кейин машҳур жиноятчи дом-дараксиз ғойиб бўлган. Испания ҳукумати наркобарон қайта қўлга олинишига умид қилмоқда.

***

Қирғизистонда расман рўйхатда турган ишсизлар сони 2024 йил 1 апрелгача 84 минг кишини ташкил этди, дейилган Миллий сатистика қўмитаси ҳисоботида.

Ҳужжатда келтирилишича, ушбу кўрсаткич аввалги йилнинг шу даврига нисбатан 15 фоиз кам. Жами рўйхатга олинган ишсизларнинг 44,7 фоизи аёллар экан.

С.Раҳимов, ЎзА