Маълумки, лицензиялаш ва рухсатнома олиш соҳасида интерактив хизматлар кўрсатиш учун «Лицензия» ахборот тизимлари ишга туширилган. Бугунги кунда «Лицензия» ахборот тизимида (АТ) лицензия, рухсат бериш ва хабардор қилишга доир 108 та давлат хизмати кўрсатилмоқда. 2023 йилда бу тизим орқали 146 минг 141 та лицензия, рухсатнома ва хабарнома расмийлаштирилган. Жорий йил 15 апрель ҳолатига кўра, бу кўрсаткич 57 минг 767 тани ташкил этмоқда.

Бу ҳақда Олий Мажлис Қонунчилик палатаси Инновацион ривожланиш, ахборот сиёсати ва ахборот технологиялари масалалари қўмитасининг кенгайтирилган йиғилишида айтиб ўтилди. Унда «Лицензиялаш, рухсат бериш ва хабардор қилиш тартиб-таомиллари тўғрисида»ги қонунда белгиланган лицензия, рухсат бериш ва хабардор қилиш тартиб-таомилларининг «Лицензия» ахборот тизимига тўлиқ киритилиш ҳолатини назорат таҳлил тартибида ўрганиш якунлари муҳокама қилинди.

Депутатлар «Лицензия» АТ орқали кўрсатилаётган давлат хизматларини мониторинг қилиш натижасида айрим муаммолар аниқлангани, хусусан, 2023 йилда 3 минг 789 та қонун бузилиш ҳолатлари кузатилганини таъкидлади.

Мутасаддиларнинг айтишича, қонун бузилиш ҳолатлари юзасидан 156 та таъсир чораси қўлланилган. Шу йил 15 апрель кунига қадар 314 та қонун бузилиш ҳолатлари аниқланган бўлиб, ваколатли идоралар томонидан лицензия ва рухсатнома бериш бўйича аризалар ўз вақтида кўриб чиқилмаган. Натижада «Лицензия» АТда 2024 йил I чорагида 8 та лицензия ва 243 та рухсатнома (хулоса) автоматик шаклланган.

Адлия вазирлиги томонидан аниқланган қонун бузилиш ҳолатлари юзасидан жами 25 та таъсир чораси қўлланилган бўлиб, шундан 19 таси маъмурий ҳуқуқбузарлик тўғрисидаги ишлар, 6 таси тақдимномалар ҳисобланади.

Муҳокамалар давомида депутатлар томонидан фуқаролар ва тадбиркорларга янада қулайлик яратиш ва ортиқча бюрократик ҳаракатларни камайтириш мақсадида «Лицензия» АТ барча турдаги ҳужжатларни ўз ичига олиши, бу тизимдан самарали фойдаланиш бўйича йўриқнома ҳамда унинг афзалликларига доир ҳуқуқий ахборотлар тарқатиш юзасидан бир қатор таклифлар берилди.

 

М.Комилова, ЎзА