Янги таҳрирдаги Конституцияга мувофиқ, маҳаллий давлат ҳокимияти вакиллик органлари ва ижро этувчи ҳокимият органлари ваколатлари, маҳаллий кенгаш раиси ва ҳоким лавозимлари бир-биридан ажратилгани ҳокимиятлар бўлинишига оид конституциявий тамойилнинг маҳаллий даражада ижросини таъминлашда муҳим қадам бўлди.

Давлатимиз раҳбарининг 2024 йил 2 февралдаги фармонида Ўзбекистонда маҳаллий давлат ҳокимияти вакиллик органлари фаолиятини 2030 йилга қадар ривожлантириш концепциясини ишлаб чиқиш вазифаси қўйилди.

Унда маҳаллий кенгашларнинг норма ижодкорлиги соҳасидаги фаолиятини такомиллаштириш ва маҳаллий кенгашлар қарорларини ишлаб чиқишда жамоатчиликнинг кенг иштирокини таъминлаш концепциянинг асосий йўналишларидан бири сифатида назарда тутилди.
Шу мақсадни амалга оширишга қаратилган давра суҳбати  Адлия вазирлигида ташкил этилди.

Бу масала Сенат кенгашининг қарорида ҳам акс этгани қайд этилди. Шунингдек, маҳаллий кенгашлар депутатлари томонидан қарорлар лойиҳаларини ишлаб чиқиш, уларни манфаатдор ташкилотлар билан келишиш ва ҳуқуқий экспертизадан ўтказиш жараёнлари билан боғлиқ мавжуд аҳвол, бу борада учраётган муаммолар, уларни ҳал қилиш йўллари, ишлаб чиқиладиган концепциянинг қонунчилик базасини тизимлаштириш, ижтимоий муносабатларни ҳуқуқий жиҳатдан тартибга солиш барқарорлигини таъминлаш, норма ижодкорлиги жараёнига замонавий ахборот-коммуникация технологияларини жорий этиш каби масалаларга эътибор қаратилиши мақсадга мувофиқ.

Бу йўналишда фуқаролик жамияти институтлари, оммавий ахборот воситалари вакиллари, илмий доиралар ва хорижий экспертларни кенг жалб этган ҳолда учрашувлар, семинарлар, давра суҳбатлари ва матбуот анжуманлари ташкил этилади.

Давра суҳбатида мутахассислар маҳаллий кенгашлар қарорлари лойиҳаларини ишлаб чиқиш ва қабул қилишда ягона амалиётни мустаҳкамлаш бўйича дастлабки таклифлар берилганини айтиб ўтди. Бу йўналишда қилинадиган ишлар юзасидан фикр алмашилди ва зарур тавсиялар билдирилди.

Н.Абдураимова, ЎзА