Ёшлар ишлари агентлиги, Маданият вазирлиги, маҳаллий ҳокимликлар билан ҳамкорликда 2021 йилдан буён ташкил этилаётган “Бузатов Fest” танловининг бу йилги босқичлари ҳам қизғин руҳда ўтмоқда.
– Танлов қоидаларига кўра, бухоролик ўғил-қизлар ҳам 10-15, 16-22 ва 23-30 ёш тоифаларида бахшичилик, анъанавий ижро, опера, эстрада йўналишларида ўз истеъдодларини ҳакамлар ҳайъатига намойиш қилди, –дейди Ёшлар ишлари агентлигининг вилоят бошқармаси бошлиғи Шавкат Раҳмонов. – Танловнинг шаҳар ва туман босқичларида ғолиб чиқиб, вилоят босқичида иштирок этаётганлар орасида илк бора мазкур танловда қатнашаётган ёки яна бир бор республика босқичигача чиқиб, у ерда ҳам биринчи ўринни қўлга киритишни мақсад қилган истеъдод эгалари, халқаро танловлар иштирокчилари ҳам бор.
Иштирокчилар бахшичилик, опера, эстрада ва анъанавий ижро йўналишида ўз истеъдодини, устозларидан олган билимларини катта саҳнада, жонли ижро тарзида намойиш этар экан, албатта ҳаяжонни сезиш қийин эмас эди. Зотан, танловнинг мақсадларидан бири ҳам ёшларнинг катта саҳнада ўз истеъдодларини намойиш этишларини қўллаб- қувватлашдир. Яна бир муҳим жиҳатлардан бири, мазкур танлов республика босқичи иштирокчиларининг моддий рағбатлантирилишидир.
Танловнинг Бухоро вилояти босқичи икки кун мобайнида “Ёшлар маркази”да бўлиб ўтди. Иштирокчиларнинг чиқишлари ҳакамлар ҳайъати томонидан баҳолаб борилди.
Якунда эса уч ёш тоифасида ўз истеъдодини маҳорат билан намойиш қилган ёшлар саралаб олинди. Ғолиблар республика босқичида қатнашиш учун йўлланмани қўлга киритди.
Эслатиб ўтамиз: танловнинг республика босқичи Қорақалпоғистон Республикаси Бузатов туманида фестиваль тарзида ташкил қилинади.
Зариф Комилов, Тоҳиржон Истатов (сурат),
ЎзА мухбирлари