Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёев 24 июль куни Қирғиз Республикаси Президенти Садир Жапаров билан телефон орқали мулоқот қилди.

Суҳбат аввалида Қирғизистон Президенти давлатимиз раҳбарини туғилган куни билан самимий муборакбод этиб, биродар Ўзбекистон халқига тинчлик-осойишталик, фаровонлик ва равнақ тилади.

Бўлажак олий даражадаги учрашувларнинг кун тартибини тайёрлаш масалалари муҳокама қилинди. Икки мамлакат ҳукуматлари савдо шартномалари ва саноат кооперацияси битимларининг янги тўпламини, шунингдек, Ўзбекистон-Қирғизистон стратегик шериклигининг устувор йўналишлари бўйича бошқа икки томонлама ҳужжатларни тайёрлаши муҳимлиги қайд этилди.

Энергетика ва транспорт соҳаларидаги йирик минтақавий лойиҳаларни илгари суришга алоҳида эътибор қаратилди.

Ўзбекистон етакчиси Қирғизистон Президентини жорий йил 20-21 июль кунлари Чўлпонота шаҳрида Марказий Осиё давлатлари раҳбарларининг навбатдаги Маслаҳат учрашуви муваффақиятли ўтказилгани билан яна бир бор табриклади.