Тошкент шаҳридаги «Янги Ўзбекистон» боғида Президент Шавкат Мирзиёев иштирокида Ёшлар кунига бағишланган тантанали тадбир бўлиб ўтмоқда.

–Хабарингиз бор, биз мамлакатимизда ёшлар билан ишлаш бўйича мутлақо янги тизим яратдик. Маҳаллаларда 9,5 минг ёшлар етакчилари ўз фаолиятини бошлади. Ҳозирга қадар “Ёшлар дафтари”га киритилган 700 мингдан ортиқ йигит-қизларнинг муаммоларини ҳал этишга 650 миллиард сўм йўналтирилди.

Ёшлар тадбиркорлигини қўллаб-қувватлаш ва бандлигини таъминлаш устувор йўналишга айланди. Сўнгги икки йилда 174 минг нафар ёшнинг тадбиркорлик лойиҳалари учун 4 триллион 400 миллиард сўм имтиёзли кредитлар йўналтирилди.

Деҳқончилик билан шуғулланиш истагида бўлган 560 минг тенгдошингизга жорий йилда 155 минг гектар ер майдони ажратилиб, 800 мингдан ортиқ янги иш ўринлари яратилди.

Шунингдек, ёшларни ишга олган тадбиркорларга ижтимоий солиқ суммасини қайтариш тартиби жорий этилди ва бу имкониятдан 715 минг нафар ёшлар ишлаётган 7,5 минг корхона фойдаланди.

ЎзА