Президент раислигида хизматлар соҳасида амалга оширилаётган ишлар, йил якунига қадар режалар муҳокамасига бағишланган йиғилиш ўтказилди.

– Хабарингиз бор, ўтган икки ҳафта давомида республиканинг барча маҳаллаларида сайлов ўтказилиб, 9 минг 349 нафар маҳалла раислари сайланди. Ушбу оқсоқолларни халқимиз, биринчи галда, маҳалла аҳолиси ўзига муносиб кўриб, ишонч билдиргани билан табриклайман. Бир нарсани аниқ тушуниш лозим. Маҳалла раиси бўлиш бу – жуда катта масъулият.

Маҳалла раислари халқимизни рози қилишда, ислоҳотлар ҳар бир хонадонга кириб боришида ҳоким ёрдамчилари, ёшлар етакчилари, хотин-қизлар фаоллари ва профилактика инспекторлари бошини қовуштириб, хонадонбай муаммоларни ўрганиб, ҳокимлар олдига аниқ масалалар қўйиб, маҳаллани ижтимоий-иқтисодий ривожлантиришга масъул ва жавобгар бўлади, – деди давлатимиз раҳбари.

Бугун хизматлар соҳасини ривожлантириш бўйича қўйилган аниқ масалалар ҳам энг аввало маҳалладан бошланиши, бир сўз билан айтганда, маҳалла хизматлар ва сервис марказига айланиши шартлиги таъкидланди.

Йиғилиш якунида ҳудудлар раҳбарлари ва мутасаддилар ахборот берди.

ЎзА