Т а н л о в

Пойтахтимиздаги Ёшлар ижод саройида «Ижодий-маданий масалалар бўйича энг фаол тарғиботчи» танловининг республика босқичи ғолибларини тақдирлашга бағишланган тадбир бўлиб ўтди.

Республика Маънавият ва маърифат маркази раҳбари Минҳожиддин Ҳожиматов, Ўзбекистон Ёзувчилар уюшмаси раиси, халқ шоири Сирожиддин Саййид ва бошқалар ёшларга маърифат улашишдек эзгу ишларга муносиб ҳисса қўшаётган ижодкор зиёлилар энг олижаноб ва савобли юмушга қўл урган инсонлар сифатида мамлакатимизда эъзозланаётганини таъкидлади.

Давлатимиз раҳбари ғояси асосида бундан бир йил муқаддам мамлакатимиздаги барча умумтаълим мактабларида ижодий-маданий масалалар бўйича тарғиботчи лавозими таъсис этилди. Ушбу лавозимда шоир ва ёзувчилар, журналистлар, маънавият тарғиботчилари, тадқиқотчилар ўқувчи-ёшлар билан иш олиб бормоқда. Юртимиздаги маърифий жабҳада кечаётган янгиланиш жараёнларини ёшларга содда, самимий, таъсирчан ва ҳаётий мисоллар ёрдамида тушунтиришда уларнинг фаолияти ўзига хос бўлмоқда.

Республика Маънавият ва маърифат маркази томонидан Халқ таълими вазирлиги, Ёзувчилар уюшмаси, Журналистлар ижодий уюшмаси билан ҳамкорликда ташкил этилган «Ижодий-маданий масалалар бўйича энг фаол тарғиботчи» танловининг республика босқичи мазкур лавозимда ишлаётган маънавият фидойиларининг ишини атрофлича ўрганиш, таҳлил этиш имконини берди.

Танлов Президентимизнинг 2021 йил 26 мартдаги «Маънавий-маърифий ишлар тизимини тубдан такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида»ги қарори ижросини таъминлаш юзасидан ташкил этилди. У умумтаълим мактабларидаги ижодий-маданий масалалар бўйича тарғиботчи ишини ўрганиш, таҳлил этиш, бу борадаги илғор тажрибаларни оммалаштириш, фаолларни рағбатлантиришдек мақсадларни кўзлайди.

Танловнинг туман (шаҳар) ҳамда Қорақалпоғистон Республикаси, Тошкент шаҳри ва вилоятлар босқичида етти минг нафардан ортиқ тарғиботчи иштирок этди.

Тақдим этилган маълумотларга кўра, танловнинг фақат ҳудудий босқичларида жами 412 нафар ижодий-маданий масалалар бўйича тарғиботчи қатнашди. Шуларнинг 109 нафарини шоир, ёзувчи, 42 нафарини журналист, 47 нафарини ижодкор, 210 нафарини эса ўқитувчи ташкил қилди.

Ҳудудий босқич иштирокчиларидан 65 нафари давлат мукофоти совриндорлари, 118 нафари республика ва халқаро танловлар ғолиблари, 3 нафари олимлардан иборат.

Республика босқичида ҳудудий саралаш жараёнларида ғолиб бўлган 28 нафар тарғиботчи ўз билим ва маҳоратини намойиш этди. Танлов ғолиблари саккизта номинация бўйича тақдирланди.

Айтиш жоизки, танловнинг республика босқичи ғолиблари ўз билим ва иш тажрибасини ўртоқлашиши билан бирга, пойтахтимиздаги «Янги Ўзбекистон», «Ғалаба боғи» мажмуалари, музейлар, тарихий масканларга саёҳат қилдилар. Таниқли олимлар, шоир ва ёзувчилар, санъаткорлар, давлат ва жамоат арбоблари билан учрашувлар, «Адиблар хиёбони»да «Тарғиботчилар мушоираси» ўтказилди.

Танлов ҳакамлар ҳайъати хулосасига кўра, биринчи ўринга Ҳулкар Ғаффорова ҳамда Абдуваҳоб Зарипов муносиб топилди.

– Ўқувчиларда адабиётга эътиборни кучайтириш фаолиятимнинг асосини ташкил этади, – деди Самарқанд давлат университети илмий тадқиқотчиси, Қўшработ туманидаги 50-мактабнинг ижодий-маданий масалалар бўйича тарғиботчиси Абдуваҳоб Зарипов. – Адабиётшуносликни ўзим ишлаётган таълим даргоҳида илмий даражада юксалтиришга астойдил аҳамият бермоқдамиз. Бу эса, шубҳасизки, ёш авлоднинг миллий адабиётимизга бўлган қизиқишини кучайтириш, маънавиятини тўғри шакллантиришда муҳим омилдир.

– Мактабимизда уч минг нафар атрофида ўқувчи билим олади, – деди Ўзбекистон Ёзувчилар уюшмаси аъзоси, Навоий шаҳридаги 16-айрим фанларни чуқур ўргатишга ихтисослаштирилган мактабнинг ижодий-маданий масалалар бўйича тарғиботчиси Ҳулкар Ғаффорова. – Ўтган бир йил давомида ижодкор ўқувчиларни аниқлашга, уларнинг истеъдодини намоён этишига яқиндан кўмаклашиб келмоқдаман. 300 нафар ўқувчимиз наср, назм, публицистика тўгаракларига аъзо. Адабиётга меҳри баланд бир гуруҳ ижодкорларнинг илк ижод намуналарини тўплам ҳолида чоп этдик. Китобхонликка оид бир қатор лойиҳаларни муваффақиятли амалга ошириб келмоқдамиз. Мактаб кутубхонаси ишини янада кучайтирдик. Буларнинг барчаси китобхонлик тарғиботига қаратилгани билан аҳамиятлидир.

Тадбирда ғолиб ва совриндорларга диплом, махсус статуэтка, эсдалик совғалари топширилди. Санъат усталари ва ижрочи-ёшлар иштирокидаги концерт дастури намойиш этилди.

Назокат УСМОНОВА, ЎзА мухбири