Экология ва атроф-муҳитни муҳофаза қилиш давлат қўмитаси мутасаддилари иштирокида бўлиб ўтган матбуот анжунида соҳада амалга оширилган ишлар борасида маълумот берилди.

Қайд этилишича, Давлат экология қўмитасига “Яшил макон” умуммиллий лойиҳаси доирасида республика бўйича янги экилаётган дарахт ва буталарни ҳисобини юритиш мақсадида платформа яратиш, бунда асосий эътиборни ҳудудларнинг тупроқ-иқлим шароитидан келиб чиққан ҳолда кўчатлар экиш, сув таъминотига алоҳида эътибор бериш, ҳар бир ҳудудда биттадан наъмунали кўчалар ташкил этиш, кўчат ярмаркаларини ташкиллаштириш каби вазифалар  юклатилган эди.

Жорий йилнинг баҳор мавсумида 125 миллион дона кўчат ва буталар экилиши режалаштирилган бўлиб, баҳор мавсумининг эрта келиши сабаб, айниқса жанубий ҳудудларда кўчат экиш тадбирлари муддатидан анча аввал бошланди. Бугунги кунда 50 миллион донадан ортиқ кўчатлар экилди. Шунингдек, бугунги кун ҳолатига республика бўйича жами 195 миллион донага яқин кўчат захираси тайёрланган.

Иқлим шароитига мос кўчат танлаш ва харид қилишда ортиқча сарсонгарчиликларни олдини олиш мақсадида, туман (шаҳар) ҳокимликлари, экология ва ўрмон хўжалигининг ҳудудий бошқармалари билан биргаликда 207 та арзонлаштирилган кўчат ярмаркаларини ташкил этилган.

“Яшил йиллик” тадбири доирасида халқ таълими йўналишидаги объектларда 2 миллион  506 минг, мактабгача таълим объектларида 2 миллион 505 минг ҳамда соғлиқни сақлаш объектларида 5 миллион 496 минг дона кўчатлар экилиши белгиланган.

Матбуот анжуманида мутасаддилар харид қилинадиган кўчатлар учун ходимларининг маошларидан ҳақ олиб қолинишини олдини олиш мақсадида  кўчатларни ўз вақтида молиялаштириш чораларини ўз вақтида кўрилишини  таъкидлаб ўтди.

Муҳайё Тошқораева, ЎзА