Бердақ номидаги Қорақалпоқ давлат университетида 2024-2025 ўқув йилида 1-босқичга қабул қилинган талабаларга гувоҳнома топшириш маросими бўлиб ўтди.
Унда профессор-ўқитувчилар, талаба-ёшлар, уларнинг ота-оналари ва оммавий ахборот воситалари вакиллари иштирок этди.
Тадбирда Қорақалпоғистон Республикаси Жўқорғи Кенгеси қўмита раиси Т.Романов, университет ректори А.Реймов сўзга чиқиб, жорий ўқув йилида ўқишга қабул қилиниб, талаба бўлиш бахтига муяссар бўлган талаба-ёшларни ва уларнинг ота-оналарини қутлади.
Таъкидланганидек, давлатимиз раҳбарининг 2022 йил 31 августдаги “Қорақалпоғистон Реcпубликасида тадбиркорлик, инновацион технологиялар ва инфратузилмаларни жадал суръатларда ривожлантириш орқали аҳоли фаровонлигини оширишнинг қўшимча чора-тадбирлари тўғрисида”ги фармони асосида қорақалпоғистонлик ёшларга кўрсатилаётган ғамхўрлик натижасида жорий йилда ҳам шаҳар ва туманлар учун зарур бўлган мутахассислик сони, кадрларнинг ички эҳтиёжидан келиб чиқиб, 10 мингта қўшимча квота ажратилгани, шундан, 968 нафар талаба Қорақалпоқ давлат университетига қабул қилинганлиги қайд этилди.
Ёшларга шундай имкониятлар яратиб бераётган Президентимизга миннатдорлик билдирилди. Мамлакатимизда таълим соҳасини ривожлантириш бўйича амалга оширилаётган янги ислоҳотлар, шунингдек, давлатимиз томонидан ёшларга берилаётган имтиёзлардан унумли фойдаланиб, келгусида юртимиз тинчлиги, халқимиз фаровонлиги йўлида фидокорона хизмат қиладиган кадрлар етишиб чиқишига ишонч билдирилди.
Тадбир якунида юқори балл тўплаган талаба-ёшларга талабалик гувоҳномалари топширилди ва университет жамоаси томонидан тайёрланган концерт дастури намойиш этилди.
Довуд Абибуллаев, ЎзА мухбири.