Таиланднинг Бангкок шаҳрида муайтай бўйича ёшлар ўртасида жаҳон чемпионатида Ўзбекистон терма жамоаси аъзолари муваффақиятли иштирок этди.
Мазкур нуфузли мусобақада муайтайчиларимиз 2 та олтин, 6 та кумуш, 10 та бронза, жами 18 та медаль жамғариб, умумжамоа ҳисобида 112 та давлат орасида 10-ўринни эгаллади.
Шунингдек, Халқаро муайтай федерациялар уюшмаси (International Federation of Muaythai Associations) жаҳон чемпионати доирасида навбатдаги Бош ассамблеясини ўтказди. Унда 2024 йилда амалга оширилган ишлар, 2025 йилда режалаштирилган масалалар кўриб чиқилди ва муҳокама қилинди.
Шунингдек, ассамблея доирасида Халқаро муайтай федерациялар уюшмаси Бош котиби Степан Фокс ва Ўзбекистон муайтай ассоциация раиси Авазжон Каримов учрашди. Учрашувда С.Фокс Ўзбекистонда муайтай спорт турига берилаётган эътибор, яратилаётган шароитлар, спортчиларнинг жаҳон чемпионатларида эришаётган ютуқларини алоҳида таъкидлаб, бунинг учун ассоциация раиси А.Каримовга миннатдорлик билдирди. Шунингдек, яқин орада Ўзбекистонга ташриф буюришини маълум қилди.
Учрашув якунида томонлар эсдалик совғаларини топширди.
Жавоҳир Тошхўжаев, ЎзА