“Юксалиш” ҳаракати Қорақалпоғистон Республикаси ҳудудий бўлинмаси, Тараққиёт стратегиясини қўллаб-қувватловчи жамоатчилик гуруҳи, Ўзбекистон Республикаси Ҳакамлик судлари ассоциацияси Қорақалпоғистон Республикаси филиали ҳамда тегишли соҳа масъул ходимлари иштирокида “Ўзбекистон – 2030” стратегиясининг 2023-2024 йилларга мўлжалланган давлат дастурларида белгиланган вазифаларнинг ижроси юзасидан жамоатчилик мониторинги ўтказилди.

Ушбу мақсадларда мамлакатимизда камбағаллик даражасини қисқартириш ва меҳнатга лаёқатли аҳолини, шу жумладан, ёшлар ва ногиронлиги бўлган шахсларни барқарор ҳамда самарали бандлигини таъминлаш орқали ишсизлик даражасини 7 фоизгача тушириш вазифаси белгиланган.

Тадбирда Нукус шаҳри, Тахиатош ва Кегейли туманлари ҳудудларидаги кичик саноат зоналарида амалга оширилаётган лойиҳалар ва улардаги яратилган иш ўринлари ўрганилди. Ишчи гуруҳ мамлакатимизда амалга оширилаётган ислоҳотларни изчил давом эттириш, маҳаллаларда саноат, ҳунармандчилик, касаначилик ва чорвачилик фаолиятини амалга ошираётган фуқароларни ҳар томонлама кўллаб-қувватлаш, уларнинг фаолият юритиш шароитларини яхшилаш масалалари билан танишди. Бунда ишсизлик даражаси юқори бўлган маҳаллаларда замонавий ишлаб чиқариш қувватларининг ишга туширилишини жадаллаштириш ҳамда ушбу асосда доимий иш жойлари ташкил этилишини таъминлаш, аҳоли даромадларини ошириш мақсадида ташкил этилган микромарказлар фаолияти кўриб чиқилди.

Мониторинг давомида кузатилган камчиликлар, учраётган муаммолар бартараф этилиши юзасидан мутасадди вазирлик ва идораларга таклиф ва тавсиялар киритилади.

Довуд Абибуллаев, ЎзА мухбири.